Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати Қозоғистондан ёрдам сўради

Image caption Қозоғистон биринчи навбатда яраланганларга дори-дармон юборади

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати Қозоғистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини сўраб, мурожаат этган.

"Интерфакс-Қозоғистон" хабар агентлигининг қозоқ ҳукуматидаги манбаъга иқтибосан билдиришича, Қирғизистон "фавқулодда инсонпарварлик ёрдами" сўраган.

"Биринчи навбатда бу ғалаёнлардан жабр чеккан ва шифохонада бўлган одамлар учун дори-дармон воситаларидир", - деб айтган Қозоғистон ҳукумати мулозими.

Айни манбаънинг билдиришича, қозоқ ҳукумат комиссияси Бишкекдаги муваққат ҳукуматнинг сўровини 15 апрел куни ўтадиган мажлисда муҳокама этади.

Аввалроқ Президент Нурсултон Назарбоев Вашингтонда Президент Барак Обама билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Оқ Уй мулозими жаноб Назарбоевнинг Қирғизистондаги вазият ва қирғиз сиёсий саҳнасидаги одамлар билан яхши таниш эканини айтган.

Қозоғистон ҳозирга қадар Бишкекдаги муваққат ҳукумат билан расмий даражада мулоқот ўрнатмаган, аммо Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистоннинг ушбу ташкилотдаги махсус вакили Бишкекда томонлар билан музокаралар олиб бормоқда.

Халқаро ёрдам

Чоршанба куни Россия Қирғизистонга 50 миллион доллар миқдорида фавқулодда ёрдам ажратилишини айтган.

Бу ҳақда муваққат Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алмазбек Атамбаевнинг Россия ҳукумати мулозимлари билан учрашувидан сўнг эълон қилинган.

Россия Бош вазири Владимир Путин "муваққат ҳукуматнинг бизга айтишича, давлат ғазнасида пул қолмаган, аввалги раҳбарият ҳамма маблағларни ўмарган", деб айтган.

Жаноб Путинга кўра, зарур бўлгани тақдирда ёрдам миқдори оширилади.

"Биз қирғиз дўстларимизни дастаклашимиз керак" деб айтган жаноб Путин.

Чоршанба куни шунингдек, Қўшма Штатлар ҳам Бишкекдаги муваққат ҳукуматга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

АҚШнинг 7 апрелдаги ғалаёндан буён Бишкекка сафқар қилган энг юқори мартабали мулозими янги раҳбарият қўяётган қадамлар "умид берувчи" эканини айтган.

"Қўшма Штатлар ёрдам беришга тайёр" деб айтган АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блэк.

Аммо АҚШнинг эҳтимолий ёрдами тафсилотлари маълум эмас.

Пайшанба куни Қирғизистон муваққат ҳукуматининг Бош вазир ўринбосари Алмазбек Атамабаев Туркияга йўл олган.

Унинг Туркиядан ҳам ёрдам сўраши кутилмоқда.

Қирғизистондаги вазият Россия, Украина ва Қозоғистон Президентларининг Вашингтондаги учрашувида ҳам муҳокама этилган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Президентлар Қирғизистон ва МДҲдаги вазият юзасидан фикр алмашдилар", деб айтган жаноб Лавров.

Қирғизистондаги вазият 19 апрел куни Москвага сафар қилиши айтилган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Президент Медведев билан музокаралари чоғида ҳам кун тартибида бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистондаги воқеларнинг минтақани беқарорлаштириши мумкинлигидан хавотир изҳор қилган ва ташқи кучларни Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмасликка чақирган.

Расмий Тошкент ҳозирга қадар Бишкекдаги муваққат ҳукумат билан расмий алоқа ўрнатгани маълум эмас.

Икки давлат чегараси 7 апрел кунги ғалаёнлардан буён ёпиқлигича қолмоқда.