Ўшда Бакиев тарафдорлари ва қарши намойишчилар ўртасида тўқнашув

Ўшдаги тўқнашув
Image caption Бакиев тарафдорлари ва унга қарши намойишчилар ўртасидаги тўқнашувда қон тўкилишига бир баҳя қолган

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида четлатилган президент Қурманбек Бакиевни ёқловчилар ва муваққат ҳукумат тарафдорлари намойишлар ташкил этишган, намойишчилар ўртасида тўқнашув юз берган.

Ўшдаги мухбиримиз хабар беришича, Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати тарафдорларининг намойиши маҳаллий вақт билан соат 10 да шаҳарнинг марказий майдонида бошланган.

Намойишда бир неча минг иштирокчи қатнашган.

Намойишчилар Қурманбек Бакиевга қарши чиқишлар қилганлар.

Мухбиримизга кўра, маҳаллий вақт билан соат 11.30 ларда Ўшнинг театр майдонида қудратдан кетказилган президент Бакиев тарафдорлари митинг бошлашган.

"Қурманбек Бакиев бир неча сўз айтишга улгурди, холос", дейди мухбиримиз.

Театр майдонига қўшни бўлган Ўш марказий майдонидаги намойишчилар бу ерга оқиб кела бошлаганлар.

Бакиевга қарши намойишчилар орасида полвонлар бўлганлар, ўртада жанжал келиб чиққан.

Қон тўкилишига бир баҳя қолган.

Муваққат ҳукумат тарафдорлари Жалолободдан келган машиналарни тошбўрон қилган.

Жаниш Бакиев қўриқчилари осмонга ўқ отиб, уни тезда олиб кетганлар.

Аксар одамлар Қурманбек Бакиевнинг ҳаракатлари зиддиятни кучайтираяпти, деб ўйлайдилар.