Туркманистон Набукко лойиҳаси юзасидан ишчи гуруҳи тузишга келишди

Image caption Жаноб Бердимуҳамедовга кўра, Туркманистон ўз гази учун Оврўпони устивор йўналиш сифатида кўради

Туркманистон Оврўпо Иттифоқи билан Набукко лойиҳаси юзасидан ишчи гуруҳи тузишга келишган.

Бу ҳақда Оврўпо Иттифоқининг энергетика бўйича мулозими Гунтер Уттингернинг Ашхободга ташрифи чоғида эълон қилинган.

Ишчи гуруҳи туркман газини Оврўпога етказадиган Набукко газ қувури борасидаги келишув ва бошқа ҳужжатларнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқади.

"Туркманистон сиёсатида Оврўпо йўналишига устиворлик берилади", деб айтган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ОИ мулозими билан учрашувдан сўнг.

Жаноб Бердимуҳамедовга кўра, Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик "сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда".

"Биз Туркманистон газини жаҳон бозорига олиб чиқишнинг турли йўлларини кўриб чиқишга тайёрмиз", деб айтган Президент.

Ашхободда ўтаётган 1-Газ Конгрессида чиқиш қилган Оврўпо Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Набукко лойиҳаси Иттифоққа аъзо барча 27 давлат томонидан дастакланганини урғулаган.

Аммо ғарблик мустақил экспертлар кейинроқ Туркманистонда Набукко қувурини тўлдириш учун етарли газ йўқ, деган хулосага келганлар.

Туркманистон Россия ва Хитой билан йирик газ келишувларига эга ва мутахассисларга кўра, кейинги ўн йилда туркман газининг катта қисми ана шу икки давлатга кетади.

Россия туркман газининг экспорт йўлларини назорат қилади, аммо ўтган йили расмий Ашхобод Хитой билан йирик газ қувурига доир шартнома, шунингдек, Эрон билан салмоқли миқдордаги газ экспорти бўйича келишувларга эришган.

2009 йил баҳорида туркман газ қувурида юз берган портлаш Туркманистон билан Газпром ўртасидаги йирик можарога сабаб бўлган.

Туркманистон Россия ширкатини туркман гази экспортига қасддан путур етказишда айблаган, аммо Газпром бу айбларни рад этган.

Мустақил экспертлар туркман томони портлашдан миллиардлаб доллар зарар кўрганини айтишади.

3300 километрга узанадиган Набукко қувури Оврўпони Марказий Осиё ва Яқин Шарқ газ заҳираларига боғлайди.

Туркия, Булғористон, Руминия, Можаристон ва Австрия орқали ўтадиган қувурнинг қурилиши 2011 йилда бошланиши кутилмоқда.

Қувурнинг умумий қиймати 7 миллиард еврога тенг.

Оврўпо Иттифоқи Туркманистон билан бирга Озарбайжон ва Эронни ҳам келажакда ушбу қувур орқали газ етказиб бериши мумкин бўлган давлатлар сифатида кўради.

Ўтмишда Россия билан газ таъминотида муаммоларга дуч келган Оврўпо Иттифоқи Марказий Осиё газини Россияни четлаб, Оврўпога олиб ўтиш истагида.