Отунбаева Бишкек ҳодисалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга сўз берди

Роза Отунбаева
Image caption Роза Отунбаева 7 апрелда Бишкекда юз берган қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга ваъда берди

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Отунбаева 7 апрелда Бишкекда юз берган ҳодисалар бўйича мустақил текширув ўтказишга сўз берди. Унинг айтишича, четлатилган президент мазкур ҳодисалар учун маҳкамада жавоб бериши керак.

"У маҳкамадан қочиб қутила олмайди. У дунёнинг бирор мамлакатида яширина олмайди," - деди Отунбаева хоним Қирғизистон Давлат Телевидениеси орқали қирғиз халқига қилган мурожаатида. - "Жазо муқаррар. Адолат тантана қилади."

Айни дамда Қирғизистоннинг янги раҳбарлари ағдарилган президент Қурманбек Бакиев ҳукуматида бўлган юқори мулозимларни ҳибсга олиш билан ҳукуматни мустаҳкамлашга киришганлар.

Муваққат ҳукумат раҳбарларига кўра, пайшанба куни собиқ мудофа вазири Бахтибек Калиев Қирғизистон жанубида ҳибсга олинган.

Улар яна Бакиев ҳукуматида бўлган ўнлаб юқори мулозимлар ҳозирда қидирилаётганини маълум қилганлар.

Хабарларга кўра, Қирғизистон муваққат ҳукумати Қурманбек Бакиевнинг иниси, мамлакат собиқ миллий гвардияси бошлиғи Жаниш Бакиевни ҳибсга олиш бўйича амалиёт бошлаган.

Муваққат ҳукумат мулозимлари, шунингдек, Қозоғистондан Қурманбек Бакиевнинг ўғли Мурод Бакиев, собиқ Бош вазир Дониёр Усенов ва Хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Мурод Суталиновни топширишни талаб қилиш ниятида эканини айтганлар.

Мазкур шахсларнинг Қозоғистонда бошпана топгани ишонилади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон тарқатган баёнотга кўра, жаноб Бакиев АҚШ, Россия, БМТ ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги келишувга мувофиқ, пайшанба куни ватанини тарк этган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Қурманбек Бакиев учоғи кеча Қозоғистоннинг Тараз шаҳридаги аэропортга бориб қўнган.

Интерфакс-Казахстан хабар агентлигинин маълум қилишича, жума куни эраталаб ҳам Тараз шаҳрида бўлган жаноб Бакиевнинг у ердан қаерга кетиш режаси аниқ эмас.

Янги ҳукумат билан ҳамкорлик

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун унинг ташкилоти Қирғизистоннинг янги раҳбарияти билан ҳамкорлик қилишга тайёр экани ҳақида баёнот берган.

Пан Ги Мун Қирғизистон муваққат ҳукумати ва четлатилган президент Қурманбек Бакиев ўртасида эришилган келишувни олқишлаган.

Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамини беришга тайёр эканини билдирган.

Бироқ, Медведев сўзларига кўра, Россия йирик лойиҳаларни фақат Қирғизистоннинг машруъий ҳукумати билан амалга ошириш ниятида.

Дмитрий Медведев Қирғизистон янги ҳукумати мамлакатни идора этган собиқ раҳбарлар хатоларини қайтармаслигига умид билдирган.