Бакиев тарафдорлари Жалолободдаги маъмурий биноларни эгаллаганлар

Жалолободда Бакиев тарафдорлари намойиши(15-апрел)
Image caption Аёллар Қурманбек Бакиев истеъфосига ишонмасликларини айтишган

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида четлатилган президент Қурманбек Бакиевнинг ўнлаб тарафдорлари вилоят ҳокимлиги ва маҳаллий телевидение биносини босиб олишган.

Мухбиримизга кўра, 15-апрел куни собиқ президент Қурманбек Бакиев хорижга йўл олгач, унинг она юрти Жалолободда ҳам вазият бир қадар юмшагандай туюлганди, аммо аҳвол яна чигаллашган.

Жума ва шанба кунлари Қирғизистоннинг собиқ мудофаа вазири Бақтибек Қалиевнинг 200 га яқин тарафдори ҳарбийни озод этишни талаб қилиб намойиш уюштиришган.

Улар орасида собиқ президент тарафдорлари ҳам бўлганлиги хабар қилинган.

Қурманбек Бакиев Қозоғистонга жўнаб кетганидан кейин собиқ мудофаа вазири ҳибсга олинган эди.

17-апрел куни тушдан кейин намойишчи аёлларнинг бир гуруҳи Жалолобод вилоят маъмурияти биносига бостириб киришган.

30-40 жувон куни-кеча тайинланган Жалолобод вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Бектур Асановни бир неча муддат ушлаб турганлар, кейинроқ бинодан ҳайдаб чиқарганлар ва бинони ичкаридан қулфлаб олишган.

Аёллар Қурманбек Бакиевнинг истеъфосига ишонмасликларини айтишган ва ўзларига миллий телевидение орқали сўз бериш талабини илгари сурганлар.

Тушдан кейин эса аёллар Жалолободдаги маҳаллий телевидение ЖТР биносига бостириб кирганлар ва ўзларининг баёнотлари учун эфир вақти берилишини талаб қилганлар.

Сўнгги кунларда Бакиев тарафдорлари Қирғизистон матбуот воситаларини бир томонлама ахборот тарқатаётганликда айблашган.

Шу куни Жалолободда бўлган таниқли арбоб Турсунбой Бакир ўғли Бакиев тарафдорлари ва муваққат ҳукумат ўртасида воситачилик қилмоқчи эканини айтган, аммо одамлар унга қулоқ солмаганлар.

Милиционерлар норозилиги

Жалолобод милициясининг бир неча юз ходими эса Муваққат ҳукуматнинг Ички ишлар вазири вазифасини бажараётган Бўлотбек Шерниёзовга қарши намойиш ташкил этишган.

Намойишчи милиционерларга кўра, Бўлотбек Шерниёзов 6-апрел куни Талас шаҳридаги норозилик пайти ўз хизмат бурчини бажараётган милиционерларга ҳужум қилишга буйруқ берган, оқибатда кўплаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари оғир жароҳат олган.

Шу боис Шерниёзов Ички ишлар вазирлигини бошқаришга маънавий томондан ҳуқуқли эмас, деб айтишган жалолободлик милиция ходимлари.

Жалолободлик милиционерлар мамлакатнинг янги раҳбарияти воқеалар пайтида ҳалок бўлган ички ишлар ходимлари ҳақида лом-мим демаётганидан норози эканликларини билдиришган.

"Ким бизнинг хавфсизлигимизни кафолтайлайди? Биз ўзимизнинг хизмат бурчимизни бажарган эдик, аммо бизни ёмонотлиқ қилишмоқда", дейишган улар.

Жалолободга яқин бўлган собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг қишлоғи - Тейит атрофида муваққат ҳукумат 7-апрел куни намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ беришда айблаётган Жаниш Бакиевни тутиш мақсадидаги махсус амалиётга борган Бўлотбек Шерниёзов намойишчи милиционерлар билан учрашган.

Мухбирларга кўра, милиция ходимлари жаноб Шерниёзовни ҳайдаб юборганлар.

Жаниш Бакиев таслим бўлмоқчи эмас

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Қурманбек Бакиевни Тейит қишлоғида қўриқлаган тан соқчилари қуролларини топширган.

Шанба куни қишлоқ атрофи ўраб олинган, тўрт автомобилда Миллий Хавфсизлик хизматининг махсус гуруҳи борган.

Аммо Жаниш Бакиев қўлга олинмаган.

Кечқурун Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги Жаниш Бакиев билан телефонда боғланиб, унинг таслим бўлмоқчи экани ҳақидаги сўзларидан иқтибос билан хабар тарқатган.

Жаниш Бакиев янги ҳукумат билан мулоқотга ваъда бергани, бироқ собиқ мудофаа вазири Бақтибек Қалиев мулоқотга чиққан пайтида ҳибсга олишганидан кейин ўз сўзидан қайтганини айтган.

Янги ҳукуматга ишонмаслигини айтган Жаниш Бакиев Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига кўмак сўраб мурожаат қилиш ниятида эканини айтган.

17-апрел куни Муваққат ҳукуматнинг хавфсизлик вазири вазифасини бажарувчи Азимбек Бекназаров Жаниш ва Максим Бакиевларга нисбатан жиноий иш очилгани, собиқ президентнинг яна бир укаси - Қирғизистонинг Олмониядаги элчиси Марат Бакиев лавозимидан четлатилгани ҳақида маълум қилган.

Қозоғистондаги манбаларга таяниб, омммавий ахборот воситалари хабар қилишича, охирги кунларда Тараз шаҳрида бўлиб турган собиқ президент Қурманбек Бакиев Қозоғистонни тарк этган.