Афғонистон шимолидаги зилзилада қурбонлар бор

Афғонистон шимолида юз берган зилзилада, расмийларга кўра, камида 11 киши ҳалок бўлган, 70 одам яраланган.

Самангон вилояти ҳокимининг ўринбосарига кўра, зилзила якшанба куни маҳаллий вақт билан ярим тунга яқин юз берган.

Самангон пойтахт Кобулдан 190 километр шимоли-ғарбда жойлашган ва Мозори Шариф шаҳридан ҳам айни масофа узоқликда.

АҚШ Геологик тадқиқот марказининг билдиришича, 5.7 баллга тенг зилзила 10 километр чуқурликда юз берган.

Ер силкиниши пойтахт Кобул ҳамда қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам сезилган.

Зилзила минтақаси

Самангон вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғулом Саҳий Бағлонийнинг Би-би-сига айтишича, ҳалок бўлганлар Дарайи Суф тумани аҳолиси ва қурбонлар сони ортиши мумкин.

Унга кўра, 300 та уй зарар кўрган ва юзлаб бош мол-қўйлар нобуд бўлган.

Зилзила натижасида юз берган тупроқ кўчишлари йўлларни тўсиб қўйган ва натижада вилоят марказига борадиган саккиз соатлик йўлдаги қатновни янада қийинлаштирган.

Минтақадаги қурбонлар ва зарарни баҳолаш учун учта фуқаро мудофааси бўлинмалари юборилган.

Ер қимирлашлари Афғонистон, айниқса, Ҳиндиқуш минтақасида бот-бот юз беради.

2002 йилда Самангонга қўшни Бағлон вилоятида 5.3 балли зилзила 1000 га яқин одамнинг умрига зомин бўлган.

1998 йилда Тожикистон билан чегарада юз берган 5.9 ва 6.6 балли зилзилаларда эса 6000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган эди.