Халқаро маҳкама тожик юк вагонлари муаммосининг сўнгги ечимими? Ёки...

Тожикистон поезди
Image caption Ўтган феврал ойидан буён шу бугунга қадар Ўзбекистон ҳудудида Тожикистоннинг икки мингдан ортиқ юк вагонлари қолиб кетгани айтилади

Тожикистон Парламенти қуйи палатаси халқаро ишлар, жамоат ташкилотлари ва ахборот бўйича қўмитаси раиси Олимжон Салимзода ўз вагонларининг ушлаб турилиши юзасидан Ўзбекистонни ҳалқаро маҳкамага тортишлари мумкинлигини айтган.

Олимжон Салимзоданинг таъкидлашича, Тожикистон ҳудудига ўтказилмаётган вагонларнинг ҳаммасида ҳам Роғун ГЭСи қурилиши учун мўлжалланган юклар жойланмаган.

Йирик Роғун ГЭСининг қурилиши эса, ўтган яқин йиллар ичида Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги энг зиддиятли масалалардан бирига айланган.

Тожикистонлик масъулларга кўра, 10 февралдан то шу кунгача Ўзбекистон ҳудудида ёқилғи, қурилиш материаллари ва бошқа халқ хўжалиги маҳсуотлари юкланган 2 мингдан ортиқ вагон қолиб кетган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистон ихтиёрида Ўзбекистонни маҳкамага тортишдан бошқа йўл қолмаётир.

МОШНИНГ АЛАМИНИ ОШДАН ОЛИШАДИМИ?

Олимжон Салимзодага кўра, қўшничилик ва минтақада асрлар давомида ҳукм суриб келган тинч-тотувликни сақлаш важидангина мамлакати Ўзбекистонни маҳкамага бермай келаётир.

“Бизнинг юкларимиз машиналарда, поездларда ушлаб турилар экан, биз халқаро судга мурожаат этишимиз мумкин,” деб айтган Олимжон Салимзода.

Унинг урғулашича, тожик вагонларининг Ўзбекистонда ушланиб қолишининг асосий сабаби Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши бошлангани билан боғлиқдир.

“Ўша вагонлардаги юкларнинг ҳаммаси фақат Роғун ГСЭ и учун мўлжалланмаган. Масалан, ёқилғи баҳорги экин-тикин ишлари учун жуда муҳим. Вагонларда мамлакат аҳолиси учун ҳаётий зарурат бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, гил тупроқ , шунингдек, бошқа хил юклар бор. Бу юклар кўпининг эгаси ҳукумат эмас, балки тадбиркорлардир,” дейди жаноб Салимзода.

Олимжон Салимзода Роғун ГЭСи қуриб битказилса дарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар иқтисодига бирор-бир зарар келтирмайди, деб урғулайди.

'БИЗАРАМ ЎЗБЕК, УЛАРАМ...'

Қатор кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистон халқаро маҳкамага мурожаат этгудек бўлса, икки ўртадаги шундоқ ҳам илиқ бўлмаган алоқалар янада совуқлашади.

Улар Ўзбекистонда ушлаб турилган вагонларда тожикистонлик тадбиркорларнинг юклари ҳам озмунча эмаслиги, Тожикистонда тадбиркорлик билан асосан ўзбеклар шуғулланишига эътибор қаратишади.

Ана шундай тадбиркорлардан бирининг қариндоши Россиядан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келадиганларнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабатлари ўзгара бошлаганини айтади:

“Аммамнинг ўғлининг еттитача вагон юки турибди, келгани йўқ ҳалиям. Биз ҳам ўзбек, улар ҳам ўзбек. Бундай бўлиши мумкин эмас, ахир. Яроқлилик муддати ўтгандан кейин, тамом, ҳамма маҳсулотлар чиқитга чиқади,” дейди у.

БОШҚА ЙЎЛ ҚОЛМАГАЧ...

Маҳаллий журналист Нуъмонжон Фахриддиновнинг айтишича, Тожикистон ўз вагонлари масаласида маҳкамагача бўлган ҳамма поғоналарни босиб ўтган.

Журналист, айни ўринда, Тожикистон Ташки ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган норозилик нотаси, ушбу масаланинг БМТ ташкилоти минбаридан кўтарилганини эслатади.

“Вагонлар масаласида ростдан ҳам менимча бошқа иложи қолмади энди. Юкларнинг бемалол Тожикистон ҳудудига ўтиши учун Ўзбекистон томони ҳеч бир енгиллик бермаяпти. Бундан ташқари темирйўл орқали Ўзбекистондан ўтиб, Тожикистонга келишимиз жуда ҳам қийин бўлиб кетди-ку. То келгунимизча она сутимиз оғзимизга келиб кетяпти. Шу сабаб ҳам, фақат юклар эмас, ҳатто фуқароларни ташийдиган вагонлар қатновидаги бошбошдоқликларнинг олдини олиш учун халқаро маҳкамага мурожаат этиш мумкин эди,” дейди журналист.

Нуъмонжон Фахриддинов халқаро суд оқилона бир қарорга келишига умид билдиради.

Ўзбекистон ўтган ҳафта Тожикистон ўз вагонларини олмаяпти, деган давъво билан чиққанди. Тожикистон эса, ўз навбатида, ўзбек томонининг бу даъвосига раддия билдирганди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Термиз орқали Хатлонга ўтказилиши керак бўлган юкларни Душанбе йўналиши орқали қабул қилиб олишни таклиф этган.

Тожикистон Темир йўллари эса, шартномадан ташқари қилинган таклифни рад этган.

Сўнгги хабарларга кўра, Тожикистон Бош вазири муовини Муродали Алимардон юк вагонлари қатнови масаласини муҳокама этиш учун тез орада Ўзбекистонга сафар қилади.