Қирғизистон: Маевкага юзлаб хавфсизлик кучлари жойлаштирилди

Бишкек, 7 апрель
Image caption Кузатувчилар муваққат ҳукумат мамлакатни тўлиқ назора эта олмаётганини айтишади

Қирғизистон муваққат ҳукумати зўравонликлар олдини олиш учун пойтахт Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғига бир неча юз милиция ходимини жойлаштирди.

Муваққат ҳукумат мулозимлари маълум қилишларича, душанба куни Маевка қишлоғида юз берган этник зўравонликларда камида 5 одам ҳалок бўлган.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг Маевка қишлоғига юзлаб милиция ходимларини юборишига одамларнинг мазкур қишлоқдаги экин ерларини эгаллаб олишга уриниши ва маҳаллий аҳолининг уларга қаршилик кўрсатгани сабаб бўлган.

"Милиция ва ички ишлар кучлари қишлоқда тартибни ўрнатишди. Қўзғолон уюштирувчиларидан 40 нафари ҳибсга олинди," деди муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева.

"Зўравонликлар бошида турганларнинг барчаси қонунга мувофиқ жазоланади," дейилади муваққат ҳукуматнинг сешанба куни тарқатган баёнотида.

Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, Маевка қишлоғини ҳозирда 600 милиция ходими қўриқламоқда.

Соғликни сақлаш вазирлиги сўзчисига кўра, душанба куни Маевка қишлоғида юз берган зўравонликларда камида 5 одам ҳалок бўлган ва яна камида 30 одам жароҳат олган.

Бишкек яқинида жойлашган ушбу қишлоқда руслар, қирғизлар, курдлар ва асхика турклари яшашади.

Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, зўравонликларда 20 га яқин уй ёқиб юборилган.

Айни дамда қудратдан четлатилган президент Қурманбек Бакиевнинг қаерга йўл олгани номаълумлигича қолмоқда. Душанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қурманбек Бакиевнинг Қозоғистонни тарк этганини эълон қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ