Бакиев ўзининг ҳали ҳам Қирғизистон президенти эканини айтмоқда

Image caption Қурманбек Бакиевҳеч қандай куч уни президентликдан тўхтатиб қололмаслигини айтмоқда

Қурманбек Бакиев ўзининг ҳали ҳам Қирғизистоннинг ҳақиқий президенти эканини айтган.

Беларус пойтахти Минскда журналистларга гапирган жаноб Бакиев ўз истеъфосини тан олмаслиги ва фақат "ўлим уни тўхтата олишини"ни айтган.

"Мен Қурманбек Бакиев, Қирғизистоннинг қонуний сайланган ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган президентиман", деб айтган жаноб Бакиев.

Қирғизистоннинг муваққат раҳбарлари жаноб Бакиев 80 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ғалаён юзасидан маҳкамага тортилиши кераклигини айтишган.

Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат Қурманбек Бакиев истеъфо хатини имзолаганини айтган, аммо жаноб Бакиев буни рад этмоқда.

Маҳкама

"Мен ўз истеъфомни тан олмайман. Тўққиз ой муқаддам Қирғизистон халқи мени президент этиб сайлаган ва мени тўхтатиб қоладиган ҳеч қандай куч йўқ. Фақат ўлимгина мени тўхтатиб қолиши мумкин", деган жаноб Бакиев.

У Отунбаева хонимнинг маъмуриятини "ноқонуний жиноий тўда" деб атаб, халқаро ҳамжамиятни уни тан олмасликка чақирган.

"Мен халқаро ҳамжамият раҳбарларига мурожаат қиламан: бу тўдани қонуний ҳукумат сифатида тан олманг!" деб айтган Қурманбек Бакиев Минскдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг қароргоҳида ўтган матбуот анжуманида.

Жаноб Бакиев масъулиятни зиммасига олишга тайёр эканини айтган, аммо бу унинг маҳкамада ҳозир бўлиш учун ватанига қайтишга тайёрлигини англатадими, йўқми, номаълум.

Қурманбек Бакиев Қирғизистонни тарк этганидан буён биринчи марта журналистларга гапирган.

У душанба куни кечқурун ҳарбий учоқ билан Минскга етиб боргани маълум қилинган.

Беларус Президенти Александр Лукашенко унинг ўз мамлакатида "юқори мартабали меҳмон" бўлишини айтган.

Жаноб Лукашенко Қирғизистондаги ҳокимият ўзгаришини танқид қилган ва Бишкекдаги расмийларни тезроқ парламент ва президентлик сайловларини ўтказишга чақирган.

Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева сайловлар сентябр ёки октябр ойида бўлиб ўтишини маълум қилган.

Чоршанба куни Жалолободда Бакиев тарафдорлари ва қарши намойишчилар ўртасида янгидан тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабарлар олинган.