Медведев рус матбуотини Каримовнинг ғазабидан ҳимоя қилди

Image caption Президент Каримов Россия матбуотидаги Қирғизистон билан боғлиқ айрим шарҳлардан ғазабга келган

Россия матбуоти Ислом Каримовнинг Президент Медведев ҳокимиятга келганидан буён Москвага қилган илк расмий ташрифини Қирғизистондаги воқеалар манзарасида ёритган.

"Ислом Каримов Дмитрий Медведевга инқилобни импорт қилмасликка ваъда берди" деб сарлавҳа қўйган ўз мақоласига "Gzt.ru".

Айни нашрнинг ёзишича, Қирғизистон мавзуси Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг асосий қисмини ташкил этган.

"Каримов Ўзбекистонда ҳеч ким Қирғизистондаги ҳодисаларни хурсандчилик билан кузатмаётганини айтди ва ўз сўзларининг ростлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган журналистларни Фарғона водийсига таклиф қилди", - деб ёзади "Gzt.ru".

Жаноб Каримовнинг ушбу сўзларига Россия матбуотидаги "ўзбек жамиятида эрксевар қирғиз халқининг ҳаракатларини хурсандчилик билан кузатишаётгани" ҳақидаги шарҳлар сабаб бўлган.

Президент Каримов Дмитрий Медеведев билан қўшма матбуот анжумани чоғида Россия матбуотининг Қирғизистондаги воқеаларни ёритиш йўсинидан норозилик билдирган.

У хусусан, "Комсомольская Правда"ни Қирғизистондан тайёрлаган, унинг фикрича "нотўғри лавҳалари" учун танқидга тутган.

"Мен бу рўзномани ҳурмат қиламан ва диққат билан ўқиб бораман. Унда бошқа нашрларда кўрмайдиган нарсаларни кўриш мумкин", деб бошлаган жаноб Каримов.

"Аммо баъзи шарҳларни ўқиганда таажжубга тушмасдан иложи йўқ!", дея Ўзбекистон Президентининг сўзларини келтиради "Комсомольская Правда".

"Мухбирларнинг исмини айтиб ўтирмайман, дея дипломатларча чайналди Каримов, аммо ўзини тутолмай, оғзидан чиқиб кетди:-Бу Ворсобин ва Степашин!".

Кейин Ўзбекистон раҳбари "Комсомолка"га эътирозларининг моҳиятини узоқ ва тушунарли қилиб баён қила кетди.

"Қирғизистондаги воқеаларни бутун бошли минтақага ўтказиш керак эмас. Ҳар бир республика мустақил давлат ва ўзига хос сифатларга эга. Битта давлат мисолида бу қўшни давлатларга ҳам ёйилади, деб бутун минтақа ҳақида хулоса чиқариш мумкин эмас. Бу жўн ёндошув!".

"Комсомольская Правда" Россия Президентининг ўзбекистонлик ҳамкасбининг эътирозига усталик билан муносабат билдирганини таъкидлайди.

"Медведев бўлса, ўзининг ҳамкасбига сабр билан қулоқ солиб, жилмайди ва изоҳ берди: "Менимча, бу каби чиройли реклама учун "Комсомольская Правда" Ўзбекистон президентининг олдида қарздор!".

"Сенинг лавҳаларинг бутун бошли давлат раҳбарини беэътибор қолдирмагани жуда ҳам ёқимли. Президент, гарчи уларнинг фикрларига қўшилмаса-да, муаллифларнинг номларини ҳам хотирлагани икки баробар ёқимли. Биз хафа бўлмаймиз, ишимиз шунақа!. Аммо бу ерда қайсидир маънода мисли кўрилмаган тарихий бир воқеа содир бўлди: мустақил давлатнинг раҳбари Кремлда "Комсомолка"нинг икки журналисти устидан шикоят қилмоқда", дея истеҳзо билан ёзади рўзнома.

"Gzt.ru"нинг ёзишича, Россиялик экспертлар жаноб Каримовнинг ғазабини унинг ўз тузумининг барқарорлигига ишончи йўқлиги билан тушунтиришмоқда.

Аммо жаноб Каримов Кремлдаги матбуот анжуманида "қирғиз сценарийси"нинг Ўзбекистонда такрорланишидан қўрқиб, Москвага дастак қидириб келгани ҳақидаги тахминларни рад этган.

Россия рўзномалари унинг "Ўйлайманки, эртага Қирғизистондаги вазият Ўзбекистон президентини Россияга келиб, бу ердан дастак излашга мажбур қилди, дейдиганлар топилади. Ҳамма хоҳлаган нарсасини ўйлаши мумкин. Аммо мен бундай баҳо берувчиларнинг билиб қўйишларини истайман:ташриф ҳақида ўтган йилнинг декабрида келишилган эди!", деган сўзларини келтирган.

'Муаммоли ҳамкор'

Россия матбуотининг ёзишича, Президент Каримовнинг стратегик ҳамкорлик ҳақидаги сўзларига қарамай, Тошкент Москва учун муаммоли ҳамкор сифатида қолмоқда.

"Коммерсант" рўзномаси Москва ҳамда Тошкент ўртасидаги муаммолар ҳақида музокаралар якунида лом-мим дейилмаганига эътибор қаратган.

"Коммерсант"нинг Россия ҳукуматидаги манбаъларга иқтибосан ёзишича, Тошкент Россия олдидаги 700 миллион долларга етган давлат қарзларини ҳанузгача тан олмай келади.

"Улар бу қарзни кечиб юборишни сўрашаяпти. Аммо биз бунга жавобан Ўзбекистоннинг қарз бериш ҳақидаги барча сўровларини эътиборсиз қолдираяпмиз. Қонун бўйича қарздорлик бор экан, Тошкентга ҳеч қандай кредит беролмаймиз", деб айтган Россия ҳукуматидаги манбаъ.

Рўзноманинг ёзишича, Ўзбекистондаги Россия ширкатларининг миллий валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммолари ҳам ечилмаган.

"Бунинг натижасида Россиянинг турли ширкатлари ишлаб топган 60 миллиондан 150 миллион долларга қадар маблағ музлатиб қўйилган, деб ёзади "Коммерсант".

Унга кўра, жаноб Каримовнинг ташрифи Тошкентнинг Авросиё Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига қайтиши ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасидаги Тезкор кучларга қўшилиши билан боғлиқ геосиёсий муаммоларни ҳам ҳал қилмаган.

"Коммерсант"нинг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаълардан иқтибос келтиришича, "Ислом Каримов буни умуман олганда, истамайди".

"Рабкор.ру" интернет нашрига кўра, Кремл учун Ўзбекистон икки давлат ўртасидаги муаммолар туфайли қайсидир маънода "сокин Беларусга" ўхшайди.

Нашр Президент Лукашенконинг ҳам КХШТ доирасидаги Коллектив тезкор кучлар ғоясига эҳтиёткорлик билан ёндошгани ва Минскнинг ҳам 2008 йилда бирданига Оврўпо Иттифоқига яқинлашганини мисол қилиб келтиради.

Унга кўра, Россиянинг Ўзбекистонда қарийб бир йилга яқин ўз элчисига эга бўлмагани муносабатларнинг қанчалик мураккаб эканидан далолат беради.

Мақолада ёзилишича, Москва Ўзбекистонга давомли ён бериб келмоқда ва бунга сабаб Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари ва минтақадаги геосиёсий мавқеъйидир.