Коммунистлар доҳийси 'Ленин ҳамиша барҳаёт'ми?

Владимир Ленин
Image caption Ленин жамиятни адолат томон етаклаганми ё ёвузлик?...

Коммунистлар доҳийси Владимир (Ульянов) Лениннинг туғилганига 140 йил тўлди.

Россия коммунистлари турли шаҳарларда ушбу кунни тантанали намойиш ва мажлислар билан нишонладилар.

Шу қаторда Москва кўчаларида 9 май Ғалаба Кунининг 65 йиллиги муносабати билан Иосиф Сталин портретлари пайдо бўла бошлаган.

Айни вақтда коммунистлар доҳийлари Ленин ва Сталинга бўлган муносабат Россия жамиятдаги энг баҳсталаб мавзулардан саналади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда Ленин ва Сталин номларини улуғлаш ҳаркатларини кескин танкид этиб келишмоқда.

Кузатувчилар Берлин деворининг қулаганига 20 йил тўлган бўлса- да, бироқ Россияда Шўро тузумини қўмсаш ва Советлар меросига ижобий ёндошиш кўпайиб бораётганлигини айтадилар.

Владимир Ленин мамлакат тарихида қандай рол ўйнаган ва у яратган ғоялар бугун ҳам тирикми, деган саволлар ҳануз Россия жамиятини икки қарама- қарши жабҳага бўлиб келаётган саволлардан.

Лекин Россияда омма фикрини ўрганувчи марказ ўтказган сўнги сўров натижалари буйича, Ленин шахсиятига бепарво бўлган Россияликлар сони йилдан йилга кўпаймокда.

Бундан 9 йил бурун сўралган Россияликларнинг 40 фоизи "Ленинга ҳурмат билан ёндашишларини" билдирган бўлса, бугунги кунда улар миқдори чорак қисмга камайган.

Аммо Ленин мамлакатни прогресс ва адолат йўлига чиқарди, деган фикрда бўлганлар ҳануз талайгина.

Москвалик сиёсатчи ва ҳукук фаоли Валерия Новодворскаянинг фикрича, Ленин Россияга адолат эмас, ёвузлик келтирган.

Image caption Россия коммунистлари Ленин туғилган кунини ҳануз нишонлайдилар

“Ленин келтирган ёвузлик ошкор этилиши лозим. Унинг номи Шўро тарихи билан чамбарчас боғланган. Шунинг учун ҳам биз агар Ленин номини тарихдан ўчирсак, Шўро тарихи қоп-қора туйнукка айланади. Лекин инсонлар буни тан олишни исташмайди" -дейди Валерия Новодворская.

Ўз навбатда коммпартия аъзоси, Москва муниципал тумани депутати Пётр Милосердовнинг фикрича, Ленин номи, унинг ғоялари инсонлар қалбида мангу қолади.

“Ленин ва Чегавара номлари ижтимоий адаолат сўзларининг синонимидир. Россияликлар орасида Ленин шахсиятига бепарво бўлганлар сони камаймокда деган фикрга келсак, буни аҳоли билим даражасининг пасаётгани билан изоҳлаш мумкин. Россияда яхши билим олаётганлар сони тобора қискармокда. Ана шу сабали ҳам Ленинга бўлган қизиқиш пасайган бўлиши мумкин"- дейди коммунист-депутат Пётр Милосердов.

Айни вактда яқинлашиб келаётган 9 май - Россияда Ғалаба байрами муносабати билан Москва кўчаларида Сталин портретлари пайдо бўла бошлади.

Москва маъмурияти расмийларига кўра, бу ишлар бир гуруҳ Иккинчи Жаҳон уруши фахрийлари илтимосига биноан шундай қарорга келинган.

Москвалик Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси Рафкат Ғаниевнинг фикрича, Ленин ва Сталин даврида бўлгани каби, ҳозирги Россияда ҳам миллий озчиликлар камситилмоқда.

“Ленин ҳам, Сталин ҳам СССР таркибида бўлган халқларга асосан ёмонлик келтиришган. Ҳозир ҳам бундай сиёсат давом этмоқда. Мисол учун татар тили Татаристонда иккинчи даражали тилга айлантирилган. Татар тилининг ривожланишига йўл берилмайди. Сталин портретлари масаласига келсак, 9 майда Сталин портретлари кўчаларда ўрнатилиши мени муман қизиқтирмайди. Мен ҳатто ўша парадига ҳам бормайман" – дейди уруш ветерани Рафкат Ғаниев.