Қирғизистонда вазият қанчалар беқарор ва уни ўнглаш учун нима қилмоқ зарур?

Қирғизистоннинг четлатилган президенти Қурманбек Бакиев Бишкекда ўтган матбуот анжуманида мамлакатига президент сифатида қайтмаслигини изҳор этди. Аммо, айни лаҳзанинг ўзидаёқ у ўз сўзига қарши бориб, муваққат ҳукуматни берган ваъдаси устидан чиқамаганликда айблади. Хўш, Қирғизистонда вазият қанчалар беқарор ва у ердаги вазиятни яхшилаш учун нималар қилинмоқда? Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Малкольм Ҳазлет шарҳлайди.

Image caption Қонли ғалаёнлар ортидан Қирғизистонда ҳукумат ўзгарди

Жаноб Бакиев Қирғизистон ичкарисида ҳалиям ўз тарафдорларига эга. Айниқса ўзи туғилиб ўсган жанубда унинг инилари - Қанибек ва Аҳмат атрофида бирлашган гуруҳлар бор.

Гарчанд, жанубий Жалолобод шаҳрида вазият барқарор экани хабар қилинса-да, муваққат ҳукуматни дастаклаган вилоят маъмурияти, ҳар эҳтимолга қарши, махсус тезкор гуруҳ барпо этаётганини айтади.

Айни дамда Россия матбуоти ва расмийлари, ўзлари айтмоқчи, "руслар ва мулк эгаларига қарши ҳужумларга кескин норозилик" билдиришмоқда.

Аммо, Қирғизистондаги Би-би-си манбалари бундай хабарларнинг ҳаддан зиёд бўрттирилгани, миллий адоватга асосланган ҳужумлар юз берган эса-да, улар асосан бошқа миллатларга, мисол учун Сталин замонида Марказий Осиёга бадарға қилинган асхика туркларига қарши содир этилганини айтишади.

Баъзи қирғизлар Россия матбуоти хабарлари ортида сиёсий важлар ётганини шубҳа қилишади.

"Вазиятни барқарорлаштиришдан манфаатдор бўлган фуқаровий ташкилотлар" намояндалари эканликларини даъво қилган бир гуруҳ қирғиз мутахассислари ўтган йил Россияда шаклланган "аксил-Бакиев кампанияси" ҳозирга келиб "аксил-қирғиз кампанияси"га айланиши мумкинлигидан ташвиш билдирганлар ва "мамлакатни Россия аралашувидан ҳимоя қилиш"га қаратилган чора-тадбирларни кўришга чақирганлар.

Айни дамда пойтахт Бишкекдагилар муваққат ҳукуматнинг ўзи бирдам эмаслигига ишора қилишади.

Хабарларга кўра, ўз одамларини юқори лавозимларга тайинлашда турли сиёсатчилар ва партиялар ўртасида тортишувлар бошланган.

Марказий Сайлов Комиссиясининг янги тайинланган бошлиғи орадан бир кун ўтиб ташкилотга ишга олинаётган шахслар умумий келишувга мувофиқ эмас, балки баъзи сиёсатчилар томонидан жўнатилаётганинини айтиб, ўз вазифасидан истеъфо берди.

Собиқ президент Бакиевга қарши мухолифат доимо бирлашган эди.

Муваққат ҳукуматнинг тўлақон ишлаши ва Қирғизистоннинг демократик келажаги учун замина яратишида, мутахассислар фикрича, айрим сиёсатчилар ўз шахсий интилишларини бир четга қўйиб, маълум йўналишни танлаган гуруҳлар атрофида бирлашишлари керак.

Муваққат ҳукуматнинг жорий раҳбари, собиқ Совет ва қирғиз дипломати Роза Ўтунбаева турли гуруҳларни бирлаштира олишга қодир бўлган шахс сифатида кўрилади.

Аммо, у қирғиз сиёсий гуруҳлари орасида чуқур илдиз отган рақобат ва ҳақиқий ҳукуматнинг пайдо бўлишини бартараф этиш уринишларига рўбарў бўлмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ