Қозоғистон ҳукумати ички ишлар ходимлари маошини кўтармоқчи эмас

Полициячи
Image caption Қозоғистонда полициячилар маоши 200 доллардан ошади

Қозоғистонда 2010 йилда полициячилар маошлари кўтарилмайди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Серик Баймаганбетов маълум қилди.

"Маошларни ошириш бўйича ҳукуматга таклиф берган эдик. Бу йилги бюджетни белгилаб олишда таклифимиз амалга ошишига умид қилган эдик. Афсуски, бу нарса содир бўлмади. Аммо биз умид билан кутамиз," деди Серик Баймаганбетов парламент аъзолари ўнгида қилган чиқишида.

Вазирнинг айтишича, мамлакатдаги энг кам иш ҳақи айнан полиция ходимлариники.

Агар ушбу тизимда маошлар кўтарилса, кадрларда танлашда сифатга эътибор берилиши ва полиция орасидаги коррупция миқдори анча тушиши мумкин, дея башорат қилади Серик Баймаганбетов.

Айни дамда Қозоғистонда ҳуқуқ тартибот органи ходимларининг ўртача маоши 30-35 минг тангани (205-240 доллар) ташкил этади.

Маҳаллий кузатувчилар, полиция ходимлари ўртасидаги таъмагирликнинг юқори эканлигига айнан маошларнинг камлигини сабаб қилиб келтиришади.

Сенатор Серик Ақилбай полиция ходимларининг маоши камида 3 баробар кўтарилиши керак деган фикрни олдинга суради.

Умуман полиция ходимларининг маошлари юқори бўлиши керак деган фикр тарафдорлари Қозоғистон ҳукумати ичида ҳам бор.

Бундан икки йил олдин айрим ҳудудларда маошлар 1000 долларгача кўтарилди. Аммо ушбу кўтарилиш хато туфайли бўлди, дея маошлар яна олдинги ҳолатига қайтарилди.

Мустақил иқтисодчилар буни мамлакатни қийин аҳволга солиб қўйган иқтисодий инқироз билан боғлашади.

Айни дамда эса полицияга иши тушганлар пора кўп муаммони ечишига гувоҳ бўлишаётганини айтишади.

Ҳукумат томонидан ишонч телефонлари ва шаҳар кўчаларига камералар ўрнатилганига қарамай, қоидабузарлар ҳуқуқ тартибот органи ходимларини рози қилиш эвазига жазодан қутилиб қолмоқда.

Аммо айрим кузатувчилар бошқа соҳаларда бўлгани каби ҳуқуқ тартибот органи ходимлари орасидаги коррупциянинг авж олишига маошлар биринчи омил эмас, деган қарашда.

"Маҳакама раисларининг маошлари, маҳаллий матбуотнинг хабарига кўра, 150 минг тангадан (1050 доллар) юқори қилиб белгиланган. Бу нарса таъмагирликнинг олдини олгани йўқ," дейди Олма-оталик ишбилармон.

Давлат бюджетидан маош оладиган ҳамма ишчиларнинг иш ҳақини кўтариш керак, шифокор ва ўқитувчилар ҳам жамиятга полиция ходимларидек керакли одамлар, деб фикрловчиларни кўп учратасиз.

Айни дамда Қозоғистонда амалдорларнинг маошлари қуйидаги рақамларни ташкил этади.

Вазирлар – 377244 танга (2 583 доллар)

Вилоят хокимлари – 296 447 танга (2030 доллар)

Туман ҳокимлари – 118894 танга (814 доллар) Амалдоларнинг маошлари давлат ишлари бўйича рақамлар Қозоғистон республикаси агентлиги маълумотларига тайниб келтирилди. Ушбу маълумотлар 2007 йилда чоп этилган.

Ундан кейин давлат бюджетидагиларнинг маошларини икки марта 25 фоиздан кўтарилганини ҳам ҳисобга олиш керак.

Қозоғистонда шифокор ва муаллимлар полиция ходимлари сингари ўртача 30-35 минг танга (205-240 доллар) маош олишади.