Шимолий Тожикистонда коллектив кучлар ҳарбий машқлари бўлиб ўтди

Ҳарбий машқлар

Шимолий Тожикистонда МДҲ давлатлари Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасидаги Марказий Осиё минтақаси тезкор коллектив кучлари ҳарбий машқлари ниҳоясига етди.

Ҳарбий машқларда Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳарбий кучлари билан бирга Россия ҳарбийлари ҳам қатнашишган.

Тожикистон Мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Хайруллоев бу галги ҳарбий машқ олдинги икки машққа қараганда катта фарқ қилганлигини айтган.

Генерал-полковник террорчиларга қарши курашда ҳарбийлар маҳорати ўсгани ва тўрт мамлакат ҳарбийлари яхши ҳамкорлик қилганликларини таъкидлаган.

Тожикистон Мудофаа вазири гарчи четдан қилинган террорчилик ҳужумлари кузатилмаган бўлса-да, бундайин хавф мавжудлигини айтган.

Лекин кузатувчилар фикрича Россия манфаатлари нуқтаи назаридан Фарғона водий-сидаги террорчилик хавфи анчайин бўрттириб кўрсатилади.

Мудофаа вазирининг юқори баҳоси

Image caption Ҳарбий машқларда рус, қозоқ, қирғиз ва тожик ҳарбийлари иштирок этишди

Хўжанд яқинидаги Чоруқдаррон ҳарбий машқгоҳи. Тепада тикучар учиб юрибди. Пастда аввалига зирҳли машиналар, бирпасдан сўнг танклар ноқонуний қуролли кучлар кириб келиб, тинч аҳолини гаровга олган дея хабар келган мавзе томон ҳаракатланди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳарбий машқларда 1000 нафардан ортиқ ҳарбий, 150 донадан ортиқ ҳарбий техника, учоқлар ва тикучарлар қатнашган.

"Чегара-2010" аксилтеррор муштарак машқларни ўтказишдан мақсад бу - биринчи навбатда, машқда қатнашадиган кучларнинг уйғун ҳаракат қилишига эришиш, аскар ва зобитларнинг ҳарбий маҳоратларини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, шахсий ҳайъат маҳоратини сайқаллаштириш ва бошқа аксилтеррор амалиётларни ташкил этишдан иборат," - Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот маркази бошлиғи, Фаридун Маҳмадалиев.

Команда бошқарув нуқтасидан буйруқлар эшитилади. Ноқонуний қуролли кучлар ва ҳарбийлар орасида қўл жанги бошланади.

Устма-уст портлашлардан сўнг атрофни тўзон қоплайди. Гаровга олинганлар озод этиладилар.

Аҳоли манзили томон Фавқулодда ҳолат хизмати, ўт ўчирувчи, тез тибибй хизмат кўрсатиш шошиб боради.

Тожикистон Мудофаа вазири генерал-полковнив Шерали Хайруллаев ўтказилган машқларга юқори баҳо берди: "Мен машқлар раҳбари сифатида ОДКБнинг тез ҳаракат қилувчи коллектив кучлари таркиби Чоруқдаррон машқгоҳида ўтказилган машқларни бажариш вазифаси уддасидан чиқдилар дея баҳолайман."

Ноқонуний қуролли кучлар аъзоларининг бир қисми асирга олинади, айримлари ҳалок этилади. Лекин улардан баъзилари тоғ томон чекинишади.

Тоғ томонга тўплардан ўт очилади.

"2000 йилда биринчи марта айни шундай машқларни ўтказгандик. Кейинроқ – ўтган йили ШҲТ доирасида машқлар ўтказгандик. Ҳозирда олдинги икки машқда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда, биз такомиллаштиришга эришдик ва бутун дунёга олдимиздаги ҳар қандай вазифани бажариш уддасидан чиқа олишимизни кўрсатдик," деди Шерали Хайруллоев.

"Биз мавжуд кучларни хорижий террорчилар, душманларга қарши ишлатишга тайёрлаймиз. Ўз мамлакатимиз аҳолисига қарши эмас," илова қилади Шерали Хайруллоев.

"ККХШнинг умри тугаган эмас"

Коллектив Кучлар Хавфсизлик Шартномасининг Қирғизистондаги қонуний ҳукуматга ёрдам бермагани борасида генерал-полковник Шерали Хайруллоев шундай деди:

"ККХШ аъзоси бўлган қайси бир мамлакатда бундай ҳодиса юз берса, мазкур мамлакат раҳбари мурожаат қилган тақдирда биз у ерга бориб бу ҳодисаларни тинчитишда қатнашишимиз мумкин, агар мурожаат қилмаса, боришга ҳуқуқимиз йўқ".

Россиялик генерал-полковник Анатолий Ноговитсин Тожикистонда ўтказилган машқлар "МДҲ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг умри тугади деган айрим миш-мишларга чек қўйди," деди.

"Яқинда биз ўзимизда- Москвада машқлар ўтказдик. У айнан Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларга тўғри келиб қолди. Бу машқлар сифати бутунлай бошқа даражада бўлди. Чунки бизнинг Марказий Осиё минтақамиз диққат марказида эди. Айни шу пайтда Қирғизистонда сиёсий вазиятни барқарорлаштириш ҳаракати бошланди. Биз уни кузатиб турдик. Бугунги кунда ўтказилган машқлар ОДКБ қудратга эга эмас, ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир эмас ва амал қилишга ҳаққи йўк, деган миш-мишларни йўққа чиқарди. Аксилтеррор амалиётлар машқлари Марказий Осиё минтақасидаги долзарб мавзулардан бири саналади. Биз уч хил аксилтеррор амалиётлар кўринишларини синаб кўрдик, ҳамкорлар бир-биримизни алмаштирдик", деди генерал-полковник Анатолий Ноговитсин.

"Бўрттириш кимга керак?"

Image caption Ҳарбий машқ иштирокчиларини генерал-полковник Шерали Хайруллоев тақдирлади

Машқлардан сўнг унинг энг маҳоратли қатнашчиларига мукофотлар топширилди. Генерал-полковник Шерали Хайруллоев рус аскарларидан бирига мукофот топширар экан, у "Россияга хизмат қиламан", деди.

"ККХШга хизмат қиламан дегин," сўз қистирди Тожикистон Мудофаа вазири ярим ҳазил аралаш.

Лекин мукофот олган тожикистонликлар ҳам, қозоғистонликлар ҳам, қирғизистонликлар ҳам "Ватанга хизмат қиламан", дейишди.

Ҳарбий кузатувчилар Шимолий Тожикистонда биринчи марта йирик кўламда аксил-террор машқлари ўтказилганини таъкидлашди.

Лекин кузатувчи Неъмат Мирсаидовга кўра, Шимолий Тожикистон ва Фарғона водийсидаги террорчилик ҳаракати ҳақида бўрттириб кўрсатиш анъанаси мавжуд.

"Фарғона водийсида кўрсатишга ҳаракат қилинаётган даражада террорчилик хавфи мавжуд эмас. Биз йигирма йилдан буён террорчилик борасида гапирамиз, лекин бу ерда бирон-бир худкушлик ҳужуми юз бергани йўқ, бирон-бир йирик халқ хўжалик объекти портлатилган эмас. Тўғри, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида айрим воқеалар юз берди. Лекин бу кичик жиноий тўдалар томонидан амалга оширилди. Улар кўпроқ Покистон, Афғонистон ҳудудидан ўтиб келишади," деди кузатувчи Неъмат Мирсаидов.

Унинг ишонишича, бундай машқлардан Росия ўз геополитик мақсадини ҳимоя этиш, минтақа, Фарғона водийсидаги иштирокини кучайтиришни мақсадини кўзлайди.

"Агар биз буни Қирғизистон мисолида кўрадиган бўлсак, Бакиев ўрнига қудратга келган кучлар биринчи навбатда ёрдам сўраб Россияга мурожаат этишди," дейди Неъмат Мирсаидов.