Қирғизистонда янги конституция таклиф қилинмоқда

Image caption Қирғизлар парламент тизими яккаҳокимликни бартараф қилишига ишонадилар

Қирғизистон муваққат ҳукумати ўз расмий интернет саҳифасида мамлакат конституциясининг янги лойиҳасини жойлаштирган. Ҳужжат Қирғизистон сиёсий тизимининг ўзгартирилиши, ҳамда президентлик ўрнига парламент бошқарувини тадбиқ қилишни кўзда тутади.

Унда президент, парламент ва ҳукумат ваколатларига тегишли моддаларга катта ўзгартиришлар киритиш, ҳамда Конституцион маҳкамани бекор қилиш таклиф қилинади.

Ҳужжатга биноан, президент қўлида асосан вакиллик ваколатлари сақлаб қолинади. Қонун чиқариш ва ижро этиш ваколатлари эса парламент ва ҳукумат қўлида бўлади.

Айни дамда президент давлат раҳбари бўлиб қолади ва Қирғизистон номидан чет мамлакатларда музокаралар олиб боради.

Конституция лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, президентлик муддати беш йилга узайтирилади. Ҳеч бир киши бир муддатдан ортиқ лавозимда қола олмайди.

Қирғизистон парламенти, янги конституция лойиҳасига кўра, вазирларни тайинлаш ва қонун ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Ҳукумат вазирлари ўз фаолияти бўйича фақат парламент депутатларига ҳисобот беришади.

Парламент неча депутатдан ташкил топиши ҳали аниқ эмас - бу 120 ёки 105 бўлиши мумкин.

Қирғиз конституциясининг лойиҳасида рус тили расмий тил мақомини сақлаб қолмоқда. Қирғиз тили давлат тили бўлиб қолади.

Амалдаги конституцияда кўзда тутилганидек, Қирғизистон фуқаролари бошқа мамлакатлар фуқаролигини ҳам олишга ҳақлилар.

Конституция лойиҳасининг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниши 14 майгача давом этади. Уни қабул қилиш бўйича референдум 27 майга мўлжалланган.

Қирғизистон парламентига сайловлар эса 10 октябрда бўлиб ўтиши режаланган.