Тожикистон ҳайъати Тошкентда, ҳал этилиши лозим масалалар эса талайгина

Тожикистон юк поезди
Image caption Йиғин чоғида Ўзбекистонда ушлаб турилган тожик юк вагонлари масаласининг ҳам кўтарилиши кутилганди

Тошкентда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича тожик-ўзбек ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган.

Икки давлат орасидаги муносабатларнинг танглиги манзарасида ушбу учрашув кўпчилик наздида алоҳида аҳамият касб этган.

Тожикистон томони йиғин чоғида транзит, нақлиёт, сув ва энергия дохил ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масаласи муҳокама этилишини билдирганди.

Бошқа томондан, бугунги мулоқотлар чоғида Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилаётган минглаб тожик юк вагонлари тақдирининг ҳам тилга олиниши кутилганди.

Бунга Ўзбекистонга ташриф буюрган Тожикистон ҳайъатининг таркиби ҳам бир далолат каби.

Яъни Бош вазир муовини Муродали Алимардонга Сув ва қишлоқ хўжалиги вазири, ташқи ишлар вазири ўринбосари, “Барқи точик” ширкати ва “Тожикистон темирйўллари”нинг раҳбарлари ҳамроҳлик қилишмоқда.

Сўнгги пайтларда икковлон орасида сув, энергетика ва транзит соҳаларида қатор ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар йиғилиб қолган ва тожик томони бир кунлик йиғин чоғида уларнинг ҳал этилишига умид қилмоқда.

Бироқ Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг иши борасида ҳозирча расмий хабарлар деярли йўқ.

Тожикистон оммавий-ахборот воситалари эса, ўз ҳайъатининг Тошкентда музокаралар олиб бораётганини билдириш билан чекланган, холос.

Масаланинг муҳими қайси?

Тожикистон Президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори муовини Сайфулло Сафаров кўрилаётган масалалар орасида энг муҳими тожик юк вагонларининг тақдири эканини урғулайди.

Унинг айтишича, бу икки давлат темирйўл ширкатлари орасидаги тушунмовчиликлар билан боғлиқ масаладир.

“Уларнинг бир-бирларига эътирозлари бор экан. Темир йўлнинг айрим жойлари бизнинг ҳисобимиздан таъмирланиши кераклиги ёки аксинча ҳолатлар даъво қилинмоқда. Бу масалалар энди, албатта, юқори даражада кўриб чиқилиши керак. Чунки ширкатларнинг ўзлари тил топиша олишмади, масалани сиёсийлаштиришди ва вазият шу даражада кескинлашдики, гўё икки давлат орасидаги муносабатлар таранглашгандек тасаввур пайдо бўлди,” дейди жаноб Сафаров.

Тожикистон томони яқинда ушбу масала юзасидан Ўзбекистонни халқаро маҳкамага беришдан ўзга чораси қолмаётганини ҳам билдирганди.

Ўзбекистон Тожикистон ўз вагонларини олмаяпти, деган давъво билан чиққан, Тожикистон эса, ўз навбатида, ўзбек томонининг бу даъвосига раддия билдирганди.

Сайфулло Сафаровга кўра, “Бироз сусайиш кузатилаётган бўлса ҳам, икки давлат орасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар рисоладагидек”.

“Бу борада бирор бир жиддий муаммомиз йўқ. Ҳамма гап фақат юкларни ўтказиш ва энергия таъминоти масаласида. Мана, ўтган қишда Ўзбекистон туркман токини ўтказмай қўйди. Гарчи халқаро меъёрларга зид бўлса-да, Ўзбекистон шундай йўл тутди,” дейди Сайфулло Сафаров.

Сиёсатшунос Зафар Суфийнинг айтишича, Тожикистон делегациясининг Ўзбекистонга расмий сафари икки давлат ўртасидаги муносабатларни йўлга қўйишда муҳим қадам бўлиши мумкин.

“Муносабатлар илимоқда ёки шунга яқин десак тўғрироқ бўлади. Чунки жаноб Алимардоннинг Тожикистон ҳукуматидаги мавқеини инобатга олсак, ҳар ҳолда Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳайъат юқори даражадаги ҳайъатдир,” дейди Зафар Суфий.

Сиёсатшунос ҳам юк вагонлари масаласи ҳукуматлараро комиссия йиғилишида кўтарилиши лозим бўлган муҳим масала эканини урғулайди.

“Ана шу масалани ҳал қилишга интилиш бор. Лекин ҳалича буни ҳал бўлади дейиш қийин,” дейди у.

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши фақат бир кунга режаланган.

Кузатувчилар икки давлат орасида узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларни кўриб чиқиш учун бу қисқа муддат эканлигини урғулашади.

Уларнинг орасида комиссия йиғилиши ўзаро муносабатларнинг яхшиланишига хизмат қилишига яққол ишончсизлик билан қараётганлари ҳам йўқ эмас.