Жаҳон банки: 'Марказий Осиёнинг инқироздан оёққа туриши секин кечади'

Кўкат сотаётган ўзбекистонлик аёллар
Image caption Давлат бюджетларининг ижтимоий эҳтиёжларга йўналтирилган харажатлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига мақсадли етказилиши ҳақида қайғуриш лозим, дея тавсия беради Жаҳон банки.

Глобал молиявий инқироздан кейин Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодларининг оёққа туриши секин кечади, дея башорат қилди Жаҳон банки.

Бу йил Жаҳон банкининг Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё учун қандай йил бўлиши борасидаги таҳлили билан банкнинг Оврўпо ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэру чиқиш қилган.

Жаноб Ле Уэру айтишича, Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё мамлакатларига глобал иқтисодий инқироз қаттиқ зарба берди, афтидан минтақада иқтисодий ўсишнинг қайта тикланиши энг секин оёққа туриш бўлади.

Жаҳон банкига кўра, минтақада ялпи ўртача ўсиш 2007 йилда 7 фоиз атрофида бўлган. 2009 йилда эса инқироз туфайли аҳвол нол кўрсаткичдан ҳам пастга минус 6 фоизга тушиб кетган.

"Минтақа учун 2010 йил айниқса қийин йил бўлади, ўсиш 3 атрофида башорат қилинаяпти. 2011-2013 йиллар истиқболи эса озгина дуруст. Камбағаллик ва ишсизликнинг ўсиб бораётгани оилаларни қашшоқликка итқитади, бу билан шундоқ ҳам камбағалларнинг аҳволини оғирлаштиради", деган Жаҳон банки вице-президенти Филипп Ле Уэру.

Дунёнинг асосий банки башоратларига кўра, Яқин Шарқда ўсиш 5 фоиз атрофида, Осиёдаги ривожланаётган мамлакатларда эса 8 фоизни ташкил этиши мумкин.

Жаҳон банкининг Оврўпо ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэру айтишича, инқироз оқибатлари, шу билан бирга демографик, иқтисодий ва сиёсий омиллар шунақа сиёсат юртишни талаб қиладики, бунда ижтимоий хизматлардан адолатли фойдаланиш кафолатлансин ва иқтисодиётнинг кенг қамровли ўсиши таъминлансин.

"Минтақанинг кўп мамлакатларида шу пайтгача оқсаб келган ижтимоий эҳтиёжларга харажатлар сиёсатининг ислоҳоти ҳозир айниқса долзарб бўлди. Инқирозгача, айрим мамлакатларда давлат харажатининг ярмидан кўпини ташкил этган ижтимоий эҳтиёжларга харажатларнинг самарасизлигига йўл қўйилган бўлса, энди бунинг иложи йўқлиги аёнлашди", деб айтган Ле Уэру жаноблари.

Жаҳон банки мутахассислари инқирозгача иқтисодий ўсишнинг етакчи кучи экспортнинг тез ўсиб бориши, бюджетга катта миқдорда капитал киритилиши, товарлар нархининг баландлиги, мамлакат ичкарисида истеъмолнинг ўсиб боргани ва қурилиш авж олгани эди, бундай шароит яқин орада бўлмайди, дейишади.

Аввал мамлакат бюджетига даромадларнинг юқори бўлгани ҳукуматларга ҳар хил харажатларни ошириш ва бюджет дефицитини қоплаш имконини берганди.

Энди эса ҳукуматлар инқироз оқибатларини бартараф этиш мақсадида турли чораларга кўл урдилар.

Айрим мамлакатлар аҳолининг харид қобилиятини кўтариб туриш мақсадида ишсизлик нафақаларини оширдилар, пул маблағлари айланишини рағбатлантириш учун имкониятларида бор заҳираларини ишга солдилар.

Жаҳон банки минтақа мамлакатларига пул-молия ислоҳотини тезлаштиришни маслаҳат беради.

Шундоғам бюджети босим остида бўлиб турган ҳукуматлар, ўзларининг давлат бюджетларининг ижтимоий эҳтиёжларга йўналтирилган харажатлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига мақсадли етказилиши ҳақида қайғуришлари лозим, дея тавсия беради Жаҳон банки.