Қирғиз жамиятида ҳуқуқ-тартибот идоралари борасида баҳслар

Талон-тарож қилиниб ўт қўйиб юборилган Бишкекдаги бино
Image caption 7-апрел ҳодисаларидан кейин Бишкекда кўп бинолар талон-тарож этилиб, ўт қўйиб юборилди

Қирғизистонда мунозара қилинаётган саволлардан бири - сўнгги воқеаларда нима сабабдан ҳуқуқ-тартибот кучлари дея номланган тизимлар ҳуқуқни ҳам, жамоат тартибини ҳам сақлай олмадилар, деган саволдир.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг суд тизими ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бўйича мувофиқлаштирувчиси Азимбек Бекназаров,собиқ ички ишлар вазири Молдомуса Конгантиевга қарши жиноий иш қўзғатилиб, унга мансаб ваколатини суистеъмол қилиш айблови қўйилганини билдирди.

Ушбу баёнот 7-апрелда юз берган ҳодисаларда ҳуқуқ-тартибот кучлари атрофидаги мунозараларни янада кучайтирди.

Тортишувлар иштирокчилари қўяётган саволлардан бири зиммасида фуқароларни ҳимоя қилиш вазифаси турган махсус ходимлар, энг аввало милиция кучлари нега жамоат тартибини назорат қила олмай қолганидир.

Қирғизистон шимолида, пойтахт Бишкекдан 60 километр узоқликда жойлашган Тўқмоқ шаҳридаги аксар ўзбеклар истиқомат қиладиган “Орзу” миллий-маданий маркази раисининг ўринбосари Абдували Акбаралиевнинг айтишича, ўша пайтда аҳоли мутлақо ҳимоясиз қолган:

Image caption Расмийларга кўра, Бош прокуратура биносини энди қайта тиклаб бўлмайди

- Милиция ишламаганидан биз ўша кунларда тинчлик ва жамоат тартибини сақлаш вазифаларини ўзимизга олишимизга тўғри келди. Маҳаллани, умуман Тўқмоқ шаҳридаги вазиятни аҳолининг ўзи асраб қолди.

"Ўша куни зўравонлик ва талон-тарожлардан азият чеккан одамлар ҳуқуқ-тартибот кучларининг қўлловига жуда муҳтож эди, улар йўқлигидан ноилож халқ қўшинлари тузилди. Натижада бу ердаги оммавий тартибсизликларни тўхтатдик. Худди шу сабабдан 8-апрелдан бошлаб Тўқмоқ шаҳрида тинчлик ва ижтимоий тартиб қайта тикланган”, - дейди Абдували Акбаралиев.

7-апрел воқеларида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўша пайтдаги ҳокимият буйруқларини бажаришга мажбур бўлган.

Image caption Тартибсизликлар чоғи қанча ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилмаган

Пойтахт Бишкекка ташкилий равишда етказилган минглаб мухолифат тарафдорлари ва намойишчилар милиция ходимлари ва аскарларни калтаклаганлар ва ҳатто ўлдиришган.

Бугун жамиятда милиция ходимларининг касбий малакаси пастлиги, шу билан бирга фақат оилавий бошқариш усулини қўллаган Бакиев ҳокимиятини қўллагани ҳақидаги айбловлар янграётир.

Ҳуқуқ-тартибот кучлари атрофида бораётган баҳсларда айримлар "Ички ишлар вазири Молдомуса Конгантиев, умуман ўз халқига ўт очган куч тизимларини махкамага тортиш лозим”, деса, аксинча яна кимдир, “жамоат тартиби қўриқчиларини ўзимиз қўллаб-қувватламасак, бутун жамиятда қонунга итоат этмаслик юзага келади ва бундай беқарорлик ҳеч қачон якунламайди”, деган фикрларни билдиради.

Инсон ҳақлари ҳимоячиси Бурул Макенбаева фикрича, милиция ва умуман ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига боғлиқ жамиятда қарама-қарши фикру-мулоҳазалар пайдо бўлишини Қирғизистондаги турли кучлар милициядан унга хос бўлмаган мақсадларда фойдаланганликда ва умуман ҳуқуқ-тартибот кучларини сиёсатга қонунга зид равишда аралаштирганликда кўради:

Image caption Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан пойтахт Бишкекда ерларни ноқонуний босиб олаётганларга қарши амалиётлар ҳозир-да йўқ

- Шу сабабдан бизнинг энг биринчи вазифаларимиздан бири – бу ҳуқуқ-тартибот кучларини, айниқса, милицияни сиёсатдан ҳамда партиялардан ажратишдир. Чунки мамлакатнинг тартибни сақлаш тизимлари биронта сиёсий идора ёки партияга эмас, умуман жамиятга хизмат қилиши лозим. Бу банд янги конституция лойиҳасида ҳам урғуланган, - дейди Бурул Макенбаева.

Шу йилнинг 7-апрел куни Қирғизистонда минглаб фуқаролар иштирок этган норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликлар оқибатида Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан четлатилди.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу қонли воқеалар мобайнида 85 фуқаро нобуд бўлган.

Лекин ҳуқук-тартибот ходимларидан неча киши ҳалок бўлганлиги шу пайтгача эълон қилинмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ