Қирғизистонда Бакиев ташвиқот варақалари тарқатилмоқда

Image caption Қирғизистоннинг ағдарилган ҳукумати ўзини намойишчилар ўлимида айбдор эмас деб билади

Жанубий Қирғизистон расмийлари минтақада яқинда ҳукуматни эгаллаган муваққат ҳукуматни салбий акс эттирувчи ахборот тадбири бошлангани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Қудратдан кетган Президент Қурманбек Бакиев туғилиб ўсган жанубда яқин кунларгача унинг тарафдорлари чиқишлар қилиб келишди.

Ўш милицияси энди бўлгинчилик руҳидаги бир неча варақа топган бўлиб, уларнинг муаллифи деб кўрилаётган одам руҳий касалликда гумон қилинаётганини айтди.

Ахборот кампанияси бошлангани ҳақидаги хабар қатор хориж агентликлари веб саҳифаларида пайдо бўлган.

Уларга кўра, номаълум одамлар аҳоли орасида собиқ Президент Қурманбек Бакиев чиқишлари ёзилган компакт-дискларни тарқатаётир.

Қудратдан кетган президент ўз нутқларида Кирғизистонни ларзага солган қонли апрель воқеаларида мухолифатни айблаган.

Ахборот агентликларига кўра, дискларда муваққат ҳукумат аъзоларини хунук кўрсатувчи материаллар ҳам бор.

Одамлар орасида Жанубий Қирғиз Демократик Республикасини тузишга чақирувчи варақалар тарқатилаётир, дейилади хабарларда.

Варақалар ва дисклар Ўш, Жалолобод, Қорасув шаҳарлари маҳаллалари ва бозорларида пайдо бўлгани ҳам айтилади.

Бу ҳаракатларда собиқ президентнинг укаси, собиқ давлат қўриқлаш хизмати раҳбари Жаниш Бакиевнинг қўли борлиги тахмин қилинган.

Айни пайтда Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда варақалар ва дисклар хусусидаги хабарлар "ҳақиқатдан йироқ", "эҳтимол, уйдирма" деб айтди.

Ўш шаҳар милицияси матбуот хизмати ходими айтишича эса, бир неча варақа ҳақиқатан топилган. Бироқ, расмий варақаларнинг муаллифи дея гумон қилинаётган одамнинг анчадан буён руҳий хасталикда шубҳа қилинаётганини айтиб, хабарлар аҳамиятини пасайтириб кўрсатишга уринди.

Маҳаллий таҳлилчилар ва мухбирлар собиқ ва амалдаги ҳукумат ўртасида ўзига хос ахборот уруши кетаётгани аниқ дейишади.