Қозоғистонда бошпана изловчилар билан ишлаш тартиби ўзгарди

Ўзбек-Қозоқ чегараси
Image caption Энди Қозоғистонга борган қочқинлар масаласи билан бевосита Қозоқ расмийлари шуғулланадилар

Кузатувчиларга кўра, Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинлар учун хавфсиз жой бўлмаслиги мумкин.

Энди бошпана сўраб борганлар билан БМТ эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлигининг муҳожирлик департаменти шуғулланади. Шу пайтгача БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ҳимоясида бўлиб келган бошпана изловчиларнинг ҳамма ҳуқуқлари бекор қилинади ва бу номга лойиқ ё-да лойиқ эмаслиги Қозоғистон расмийлари томонидан қайта кўриб чиқилади.

Шу йил 21 апрелидан Қозоғистон ҳукумати билан БМТ Қочқинлар агентлиги ўртасидаги битим кучга кирган, битимга кўра, масъулият тўла Қозоқ расмийлари ихтиёрига ўтади.

Ва ушбу шартнома Қозоғистонда 2010 йил бошида қабул қилинган "Қочқинлар тўғрисидаги" қонунга таянади.

- Афсуски янги қабул қилинган қонунда Қочқинлар бўйича БМТ комиссарлиги роли ҳақида ҳеч нарса кўрсатилмаган. Қозоғистон ҳукумати ва бизнинг ташкилотимиз ўртасидаги келишувга кўра, мамлакатидан қатъи назар, ҳар қандай фуқаронинг давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи бор, дейди БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигининг жамоатчилик билан ишловчи мутахассиси Жанна Доссова.

Халқаро ташкилотнинг Олма отадаги вакилларига кўра, энди яқин хориждан Қозоғистонга борган қочқинлар масаласи билан бевосита Қозоғистон ҳукумати шуғулланади. Ўзбекистон каби яқин хориждан Қозоғистонга бошпана излаб борувчилар беш кун давомида Қозоғистон Меҳнат вазирлигига қарашли Миграция департаментига мурожаат қилишлари шарт бўлади. Республика миграцион хизмати лозим деб топилган одамларга қочқин мақоми беради. БМТ эса бу ерда фақатгина кузатувчи ва маслаҳат берувчи ролни бажаради.

Кучини йўқотадиган сертификатлар

"Қозоғистон ҳукумати томонидан яқин хориждан келган қочқинларни рўйхатга олиш жараёни умуман ишламаяпти. Чунки ушбу департамент олдин фақат афғонистонлик қочқинлар билан ишлаган эди. Ҳозир эса миграция департаменти ходимлари ўзбек, қирғиз ва МДҲнинг қочқинлик мақомини сўраётган бошқа фуқаролари билан қандай ишлаш кераклиги ҳақида умуман маълумотга эга эмаслар, шунинг учун ҳам бу нарса ортидан катта чигалликлар пайдо бўлиши мумкин", дейди Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунга риоя қилиш халқаро бюросининг ҳуқуқшуноси Денис Живага.

Ҳуқушуносга кўра, англашмовчиликлар ҳозирданоқ бошланган, Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ўзларига ҳибсхона, қамоқхоналардан қочқинлик мақомини олиш учун мурожаат қилаётганларга нима деб жавоб беришни билмаяпти. Яна қидирувда бўлганларнинг тақдири нима бўлиши ҳақидаги саволга ҳам маълум юридик жавоб топилмай турибди.

Бунгача БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги яқин хориждан мамлакатга келган қочқинларга бошпана изловчи деган ҳужжат берар ва мана шу ҳужжат қочқинларга Қозоғистонда эркин юриш ҳуқуқини берарди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирув эълон қилинган шахслар ҳам мана шу сертификат кучи билан ортга қайтариб юборилмас эди. Аммо мутахассисларга кўра, янги қабул қилинган қонун бўйича ушбу сертификатлар ўз кучини йўқотади ва Қозоғистон ҳукумати қидирувдаги одамларни ортга қайтариб юбориши мумкин. Ушбу одамларнинг департаментга мурожаат қилганини исботлаш жуда қийин масала, бундан ташқари бошпана изловчиларнинг оғзаки мурожаати эътиборга олинмай қолиши ҳам мумкин.

"Беш куннинг ичида мурожаат қилиш шарти қўйилгани мантиқсиздир. Департамент ходимлари халқаро конвенция бўйича бунақа меъёр йўқлигини билишмайди ҳам. Ҳукумат ушбу меъёрни муҳожирлик ҳақидаги қонунга боғлашди, яъни қочқинларни ҳам оддий хорижликлар билан тенглаштириб қўйишди", дейди Денис Живага.

Ва энг эътиборлиси БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги қочқин мақомини берган аксар одамлар энди умуман бу мақомга лойиқ топилмаслиги мумкин.

Қочқинга БМТ ва Муҳожирлик департаменти назари

Image caption Англашмовчиликлар ҳозирдан бошланган, дейди ҳуқуқшунос Денис Живага

"БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги томонидан қочқин мақоми берилган 90 ёки 99 фоиз одамларнинг кўпчилиги Қозоғистон миграция департаменти ходимларининг қарашлари бўйича умуман қочқин мақомини ололмаслиги мумкин. Мен департамент ходимлари қидирувда бўлганлар билан қандай ишлаши ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасман. Чунки айни дамда ушбу ходимларнинг ўзи қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида маълумотга эга эмас", дейди ҳуқуқшунос Денис Живага.

Ўзбекистонлик қочқинлар Қозоғистонда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан таҳдидларга учраб туради. Ўтган йили кузда Олма отадаги ўзбекистонлик қочқинлар яшайдиган уйга Миллий хавфсизлик қўмитаси махсус кучлари тунда бостириб киришган ва уйдан қурол-яроғ излаганди. Эркаларга куч ишлатиб олиб кетилган. Кейинчалик эса адашибмиз, дея узр сўрашганди. Ўшанда қочқинларни БМТ томонидан берилган бошпана изловчи деган сертификат қутқариб қолган эди. Энди эса бундай сертификатлар ўз кучини йўқотади.

Янги ўзгаришлар ҳақида қочқинларнинг ўзлари миш-мишлар орқали эшитишган. Исми ўзгартирилган қочқин Жаҳонгир БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги уларни бу ҳақда огоҳлантирмаганини айтади. Қочқинлар тақдирини ўз қўлига олаётган Қозоғистоннинг эса ўзларини Ўзбекистонга қайтариб юбормаслигига умид қилади.

"Менимча, қайтиб бермаса ҳам керак. Агар Қозоғистон Ўзбекистонга қайтиб бериб юборса катта халқаро келишмовчиликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки Қозоғистон қочқинлар бўйича конвенцияни имзолаган", дейди қочқин Жаҳонгир.

Аммо Қозоғистондаги юристлар бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашишади. Олдин қочқинлар БМТнинг биргина сертификати билан ҳимоя остига олинарди. Ва ушбу сертификат ўзбекистонликларни ортга қайтариб юборилмаслигига кафолат бўла олган. Аммо ҳозир Қозоғистон барча жараённи ўз қўлига олгач, қочқинларни ушлаб бошқа ҳукуматга топшириш ҳолатлари учраши ҳам мумкин.

"БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги шовқин кўтариши ушбу одамларни ортга қайтарилмаслигини англатмайди. Худди шундай ҳолат қочқинлар тақдири Россия ҳукуматига ҳавола қилинганда рўй берди. Яъни, ҳукумат органларига қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилинганда, Россия Ўзбекистонга даста-дасталаб қочқинларни ушлаб берган ҳолатларни кузатдик. Бу жараёнга ҳаттоки БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги ҳам қаршилик қилолмади. Бу нарса келажакда бизда ҳам содир бўлиши мумкин,” дейди Қозоғистонда қочқинлар иши билан шуғулланувчи юрист Денис Живага.

Халқаро конвенция кучлими ё МДҲ, Шанхай ташкилоти битимлари?

Мутахассисларга кўра, қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтарилишида икки давлат ўртасида МДҲ ва Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти доирасида имзоланган битимлар асосий роль ўйнаши мумкин.

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги Олма отадаги ходимлари эса Қозоғистоннинг халқаро конвенцияга имзо чеккани бундай қилмаслигига асос бўлишини урғулашмоқда. Бундан ташқари БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги кузатувчи ролини ўйнаши ва бошпана бериш аризаси рад этилганда орага тушиши мумкинлигини айтмоқда.

"Биз қочқинлик мақомини аниқлаш комиссиясида бевосита иштирок этамиз ва жараённи яқиндан кузатиб борамиз. Бизга мурожаат қилган шахсларнинг тақдири қандай кечаётгани билан танишиб борамиз", дейди БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги Олма ота бўлимидан мутахассис Жанна Доссова.

Аммо ушбу жараёндан бохабар кузатувчилар бу борадаги ишларнинг ўта хом ташкил қилинганини таъкидлашади. Чегарадан кириб келаётганда қочқинлик мақомини олмоқчи бўлганлар ҳақида БМТнинг қочқинлар билан ишлаш комиссарлиги умуман хабар топмаслиги ва қочқиннинг тақдири чегаранинг ўзидаёқ ҳал этилиши мумкинлигидан хавотирлар билдирилмоқда. Бундан ташқари миграция департаментига мурожаат қилганларнинг ҳаммаси ҳам рўйхатга олиниши ҳақида ҳам шубҳалар мавжуд.