'Қирғизистонлик қочқин зудлик билан қўйиб юборилиши керак!''

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги
Image caption БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Бўтақўзиевни яқин кунларда ўзларига топширилишига умид билдиради

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, қирғизистонлик қочқин Неъматилло Бўтақўзиевни зудлик билан озод этишни сўраган. Бошпана излаб келган фуқаронинг ҳеч бир асосларсиз икки ойдан бери ҳибсда ушлаб турилганини таъкидлаган.

Аввалроқ, уни 2008 йилги Новқат ҳодисаларига алоқадорлиги даъвоси билан Қирғизистонга эстрадиция қилиш хавфи бор эди. Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлик баёнотида 2010 йил 27-апрелида Новқат воқеаларига алоқадорликда айбланган кишиларга авф эълон қилингани келтирилади.

"Қирғизистонда сиёсий вазият ўзгариши Бўтақўзиев зудлик билан озод этишни тақоўо қилади", дейилади баёнотда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги икки ой асносида унинг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятни ойдинлаштириш мақсадида бўлган БМТ ходимлари ҳамда ҳимоячилар билан учрашиш рухсати берилмаганидан хавотир изҳор қилган.

Комиссарликнинг Тожикистондаги бўлими бошлиғи Илья Тадорович Бўтақўзиев масаласида халқаро ва миллий қонунчиликдаги барча воситалар қўллаб бўлинганини таъкидлайди: "Бундан сўнг ҳам ҳибсда ушлаб туришга ҳеч қандай асос йўқлиги муносабати билан ҳамда қочқинлик мақоми ҳақидаги 1951 йилги Конвенция бўйича Тожикистон Республикаси ўз зиммасига олган мажбуриятларга мувофиқ БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Тожикистон ҳукуматини Бўтақузиевни зудлик билан озод этишига чақиради", дейди Илья Тадорович. БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Бўтақўзиевни яқин кунларда ўзларига топширилишига умид билдиради. БМТ ваколати доирасида унинг муаммоларини ҳал қилиш ҳамда бошпана топиб бериш бўйича аризасини синчиклаб ўрганиши учун имкон берилишини Тожикистон ҳукуматидан сўраган.

Неъматилло Бўтақўзиев 26 феврал куни БМТ биносидан чиқиб кетаётган маҳал тожик ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан қўлга олинганди.

Баёнот ортидан Неъматилло Бўтақўзиев укаси Муҳаммад Солиҳ билан учрашишига рухсати берилган. "Ташқи кўриниши сал озғинроқ олдингига қараганда. "Яхшиман", деди. Шикоят қилмади. Олдимизда бир одам ўтирди, ўша ернинг ходими. "Бу ерда яхши қарашаяпти", деди. Врачлар бор экан, ҳарбий врачлар. "Барибир ташқари яхши", деган гапларни гапирди, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Айрим кузатувчилар эса, "тожик ҳуқуқ-тартибот органлари БМТни икки ойдан бери ноғорасига ўйнатиб келаяпти, оддий одамлар додларини кимга айтишсин", дейишади.