Қирғизистонда собиқ президент маъмурияти раҳбари ҳибсга олинди

Қирғизистонда тартибсизликлар
Image caption Ғалаёнлар пайти 80дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган

Қирғизистонда собиқ президент Қурмонбек Бакиев маъмурияти раҳбари Қанибек Жўраев ҳибсга олингани эълон қилинган.

У ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. Қанибек Жўраев пайшанба куни қўлга олинган.

Жаноб Жўраев ўзига қарши айбловни рад этган. Қанибек Жўраевга қўйилаётган айблов юзасидан жазо муддати бир ой. У ҳозирча Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати тергов изоляторида сақланмоқда. Бу ҳақда Жўраев жанобларининг ҳимоячиси Любов Иванова маълум қилган.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, 29 апрел куни собиқ президент маъмуриятининг раҳбари "ўз ихтиёри билан 6-8 апрел кунлари кечган ҳодисалар юзасидан кўрсатма бериш учун келган, аммо у ушлаб қолинган ҳамда ўша куни кечқурун маҳкама қарори асосида ҳибсга олинган".

Амалдорлар қидирувда Апрел бошларида бўлиб ўтган оммавий ғалаёнлар ортидан Қурмонбек Бакиев ҳукумати ағдарилиб, ўрнига собиқ ташқи ишлар вазири Роза Ўтинбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат қудратни қўлга олган.

Намойишчилар ва хавфсизлик тизими ходимлари билан тўқнашувларда камида 85 инсон ҳаётдан кўз юмган. Мазкур ҳодисалар ортидан Қурмонбек Бакиев Қирғизистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган ва у ҳозир Беларусдан бошпана топган. Ўтган душанба куни у оммавий қотилликларни уюштириш ва ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этишда айбланди.

Айни айблов асосида яна саккиз нафар собиқ юқори мартабали амалдорларга қарши иш очилган.

Айбланаётганлар орасида Қирғизистон собиқ бош вазири Дониёр Усенов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Мурат Суталинов, Қурмонбек Бакиевнинг айни тизимда фаолият олиб борган катта ўғли Марат ва Давлат қўриқчилик хизмати собир раҳбари Жанибек Бакиевлар бор.

Намойишчиларга қарши ўқ узиш учун хавфсизлик хизмати ходимларига айнан Жанибек Бакиев буйруқ бергани таъмин этилади.

Бу мавзуда батафсилроқ