Шимолий Қафқозда вазият борган сари кескинлашмоқда

Доғистон
Image caption Шимолий Қафқозда Россия кучлари ва маҳаллий ҳокмиятларга қарши ҳужумлар борган сари кўпайиб бормоқда

Шимолий Қафқозда Россия қўшинлари ва маҳаллий ҳокимиятга қарши кетма-кет қуролли ҳужумлар деярли ҳар куни кузатилмоқда.

Доғистоннинг Хасавюрт ва Казбек туманлари чегарасида уюштирилган ҳудкушлик ҳужуми оқибатида икки милиция ходими ва бир маҳаллий фуқаро ҳалок бўлган.

Пайшанба куни эса, Кабардин-Болқор республикаси пойтахти Нальчик шаҳрида бир автомашинанинг портлатилганлиги оқибатида камида 4 милиция ходими ҳалок бўлган.

Ҳужум ва портлашлар пойтахт Москва марказига қадар етди

Айни вақтда кузатувчилар Кремлнинг Шимолий Қафқозга қаратилган сиёсати етарли натижа бермаётганини таъкидлашмокда.

Бу ҳақда Москва метросида юз берган портлашлардан сўнг гапирила бошлаган. Уларга кўра, ҳужум ва портлашлар нафақат Шимолий Қафқозга балки пойтахт Москва марказига қадар етган.

Ҳокимият эса, бўлгинчиларга нисбатан янада шафқатсизроқ курашишини такрорламоқда.

Россия куйи парламентининг собиқ депутати, сиёсатшунос Фандас Сафиуллиннинг фикрича, Кремлнинг Шимолий Қафқозда қаттиққўллик сиёсатга устунлик бергани, вазиятни янада ёмонлаштирган.

"Бугунги вазият, Кремл таъбирича айтганда, "террорчилик амалиётлари" Россия раҳбарияти юргизаёган миллий сиёсат натижаси, деб ўйлайман. Кремл, Шўро тузуми қулагандан бошлаб Чечен муаммосини ечишда юзаки ёндашди. Фақат куч-қурол зарби билан Чеченистонни ўз таркибида сақлашга уринди. Москва Чечен ва ингушларни Сталин даврида ҳам ундан олдин ҳам фақат қурол ёрдамида тиз чўктиришга ҳаракат қилди. Токи, бундай сиёсат ўзгармас экан, Шимолий Қафқозда вазият ўзгармайди.

Кузатувчиларнинг фикрларига кўра, Шимолий Қафқозда ҳокимиятга қарши курашаётганлар, нафақат радикал исломий кучлар тарафдорлари, балки ноҳақ қамалган ва ўлдирилганларнинг яқинларидан ҳам иборат.

Москвалик сиёсатшунос Павел Салиннинг айтишича эса, Кремл Шимолий Қафқоздада маҳаллий бўлгинчиликни бартараф этган ва ҳозирда радикал исломий кучларга қарши курашмоқда.

"Россия 2000 йиллар бошида Чеченистонда маҳаллий бўлгинчилик қаршилигини енгишга муваффақ бўлди. Сўнгги 10 йил давомида Россия қўшинлари Қафқозда халқаро терроризм кучларига қарши курашмоқда", дейди Павел Салин.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Шимолий Қафқоз республикаларида ноҳақ қамалган ва бедарак кетганлар сони ҳануз камаймаган. Улар фикрларича, ҳокимият тизимларидаги коррупция, ишсизлик ва адолатсизлик, хусусан, ёшларни радикал кучлар сафига қўшилишга ундайди.

Ўз навбатда Россия раҳбарияти расмийлари минтақада бўлгинчиларга қарши курашиш билан бир қаторда Шимолий Қафқоз иқтисодиётини ривожлантиришга жиддий эътибор беришларини таъкидлашади. Ушбу мақсадда Федерал бюджетдан бир неча юз миллион доллар маблағ ажратилиши кўзланган.

Жорий ой бошларида Президент Медведев Чеченистон, Доғистон, Ингушетия, Кабардин-Болқор, Қорачой-Черкес, Шимолий Осетия ҳамда Ставропол ўлкасидан иборат ягона Шимолий Қафқоз округини ташкил этди. Ушбу округ раҳбари сифатида Красноярск ўлкаси губернатори, миллиардер Александр Хлопонин тайинланди.

Бу мавзуда батафсилроқ