Россия Тожикистондан қуруқ мева импортини таъқиқлади

Image caption Полиомиелит касаллиги туфайли Россияга Тожикистондан келтириладиган қуруқ мева ва ёнғоқлардан харидорлар мосуво бўлдилар

Россия Тожикистондан келтирилган ёнғоқ ва қуруқ мевалар савдосини тўхтатиш ва мамлакат ҳудудига олиб киришга таъқиқ киритди.

Россия расмийларига кўра таъқиқ Тожикистонда полиомиелит касаллиги қайд этилгани сабабли жорий этилган.

Россия санитария хизмати маълумоти буйича, Тожикистонда 170 инсон ушбу касалликка чалинган ва улардан 12 киши оламдан кўз юмган. Аммо аввалроқ Тожикистон соғлиқни сақлаш расмийлари полиомиелитга чалинганлар сони анчайин камроқ экани ва бир киши оламдан ўтганлигини маълум қилгандилар.

Россия томонидан киритилган таъқиқ Тожикистонлик фермер ва ишбилармонлар учун катта зарар етказиши мукинлиги айтилмоқда.

Россия санитария-эпидемиология хизмати мамлакат бўйлаб ҳозирда савдода бўлган Тожикистондан келтирилган қуруқ мева ва ёнғоқларнинг дўконлардан олинишини буюрган.

Шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг Россияда сотилиши учун олдин берилган санитария ва эпидемиология рухсатномалари вақтинча бекор этилади.

Россия ҳаво ва темир йул транспорти раҳбарларига Тожикистондан келтирилаёткан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қаттиқ назорат остига олиш, ёнғоқ ва қуруқ меваларнинг Россия ҳудудига кириб келишининнг олдини олиш буюрилган.

Россия санитария-эпидемиология хизмати расмийларига кўра, Тожикистондан келтирилган ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия ҳудудида ҳам полиомиелит вирусининг тарқалиш хатарини туғдириши мукин.

Санитария хизмати мулозимлари фикрча, ёнғоқ ва куруқ мевалар тўғридан тўғри, ишлов берилмасдан истеъмол этилиши туфайли ушбу маҳсулотлар орқали касаллик вируси тарқаши эҳтимоли бор.

Москвада бизнес юргизаёткан Душанбелик Солижон Аҳмадовнинг фикрича, Россия киритган таъқиқ албатта қуруқ мева бизнеси билан шуғулланаёткан Тожикистонликлар ишининг белига тепади.

Россия ўта юқумли касалликка қарши кураш йўлида Тожикистонга ёрдам беришини билдирган. Бош санитар врач Геннадий Онишенконинг айтишича, полиомиелит касалиги буйича тажрибага эга бўлган Россиялик шифокорлар Тожикистонга юборилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистонда полиомиелитга қарши ёппасига эмлаш кампаниясига ёрдам бермоқда.

Ташкилотга кўра Тожикистондаги полиомиелит ҳоллари 2002 йили Овросиё минтақаси касалликдан ҳоли дея эълон қилинганидан бери биринчи ҳолатдир.

Жаҳоннинг кўплаб мамллакатларида поилиомиелит касаллиги бир неча йил аввал тугатилган, дея эълон қилинган. Касаллик ҳозирга қадар Афғонистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Непал ва Индонезия каби давлатларда қайд этиб турилади.