Нурсултон Назарбоевга 'бир умрлик президент' мақоми берилиши мумкин

Image caption Янги қонун жаноб Назарбоевга ўз меросхўрини тайинлаш имконини бериши мумкин

Жаноб Назарбоевнинг "Нур Отан" партияси унга "бир умрлик президент"мақомини берувчи қонун лойиҳасини илгари сурмоқчи.

Чоршанба куни "Нур Отан" мулозимлари жорий Президентга хатто истеъфога чиққанидан сўнг ҳам давлат раҳбари ваколатларини берувчи қонун лойиҳаси устидаги ишларнинг бошланганини маълум қилишган.

Қонун жаноб Назарбоевга бир умрлик дахлсизлик ва истеъфога чиққанидан кейин ҳукумат сиёсатиин назорат қилиш ҳуқуқини беради.

"Миллат раҳбари" деб аталаётган қонун лойиҳасига мувофиқ, муҳим аҳамиятга молик ички ва ташқи сиёсатлар Қозоғистоннинг биринчи президенти билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Рейтер агентлигининг "Нур Отан" депутати Амзебек Жолшибековдан иқтибос келтиришича, лойиҳа жаноб Назарбоевни президентлик даврида қабул қилган қарорлари учун жиноий жавобгарликдан холи қилади ва у ҳамда оиласининг ҳисобларини муҳофаза қилади.

Жаноб Назарбоевнинг "Нур Отан" партияси парламентдаги аксарият кўпчиликни ташкил этади ва парламентда унга мухолиф партия йўқ.

Нурсултон Назарбоевнинг жорий президентлик муддати 2012 йилда ниҳоясига етади ва аввалроқ қабул қилинган конституцион ўзгаришга мувофиқ, у чексиз муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

Президентнинг икки қизи Қозоғистоннинг йирик банклари-"Халқ банки" ва "Нурбанк"да ўз ҳиссаларига эга.

Сиёсий меросхўрлик

Кузатувчиларга кўра, янги қонун жаноб Назарбоевга ўз меросхўрини тайинлаш имконини бериши мумкин.

Президент Назарбоев Қозоғистонни 21 йилдан буён бошқариб келади.

Ғарб Қозоғистондаги сайловларни ҳеч қачон эркин ва адолатли, дея тан олмаган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистонга Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг амалдаги раислигининг берилишини танқид қилганлар.

Марказий Осиёда ҳозирга қадар давлат раҳбарининг ўлими ёки қўзғолонларсиз, қонун йўли билан ўзгартирилиши жараёни кузатилмаган.

Қозоғистон минтақанинг энг фаровон ва нисбатан барқарор давлати сифатида кўрилади.

Аммо кузатувчилар айнан сиёсий меросхўрлик масаласи Қозоғистонни беқарорлаштириши мумкинлигини айтишади.

Уларга кўра, жаноб Назарбоевнинг бошқарувида қўшни Қирғизистонда Президент Бакиевнинг ағдарилишига олиб келган омилларни бутунлай истисно қилиш мумкин эмас.

Бироқ "Нур Отан" расмийлари янги қонун лойиҳаси Қирғизистондаги воқеаларга жавоб эканини рад этишган.