АҚШ Бакиевлар олиб кетган пулни қайтаришда Қирғизистонга 'ёрдам беради'

Image caption Олиб кетилган маблағлар асосан, АҚШ ҳарбий базасининг ижара пуллари экани айтилади

Қўшма Штатлар Қирғизистонга собиқ Президент Қурманбек Бакиев ва оиласи ноқонуний равишда олиб кетгани даъво қилинаётган маблағларни қайтаришда ёрдам беради.

Бу ҳақда мамлакатнинг муваққат молия вазири Азамат Тинаев маълум қилган.

Мулозимнинг Қирғизистондаги АҚШ элчисига иқтибосан айтишича, айни масала АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича махсус ёрдамчиси Майкл Макфолнинг Қирғизистон муваққат ҳукумати раисининг ўринбосари Темир Сариев билан учрашуви чоғида кўтарилган.

24.kg хабар агентлигининг жаноб Сариевдан иқтибос келтиришича, мулозим Бакиевлар ушбу маблағлардан Қирғизистонда конституцияга қарши фаолият олиб боришда фойдаланишлари мумкинлигидан хавотир изҳор қилган.

Хабарларга кўра, Америка томони муваққат ҳукуматга бу борада АҚШ элчихонасига махсус сўров билан мурожаат қилишни тавсия этган.

Америка дипломатлари АҚШ Молия вазирлиги лозим бўлгани тақдирда бу маблағларни музлатиши ва уларни Қирғизистонга қайтаришда ёрдам бериши мумкинлигини айтишган.

Айбловлар

Қирғиз расмийлари Бакиев ва оиласи давлатга тегишли 200 миллион доллар маблағларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетганини даъво қиладилар.

Собиқ президент даврида давлат маблағларининг ўмарилгани ҳақида Россия Бош вазири Владимир Путин ва АҚШ Конгресси аъзолари ҳам гапиришган.

Ушбу маблағлар асосан, АҚШнинг Бишкек яқинидаги ҳарбий базаси учун тўланган ижара пуллари экани айтилади.

Аввалроқ муваққат ҳукумат мулозимлари Америка базасига ёнилғи етказиб беришга доир шартномалар юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилишган.

Расмийларга кўра, ушбу жиноят иши доирасида собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиевнинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги даъволар текширилади.

Қўшма Штатлар шунингдек, Қирғизистонга базанинг ижараси учун 30 миллион доллар маблағ шу кунларда ўтказилишини маълум қилган.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг айрим мулозимлари Американи Бакиев даврида ҳарбий базага устунлик бериб, инсон ҳуқуқлари ва демократияга етарлича эътибор қаратмаганликда айблашган.

Бу каби айбловлар АҚШ Конгрессида ҳам янграган.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиши ва АҚШ ҳарбий базасга доир шартноманинг муддати узайтирилишини айтишган.

Чоршанба куни қирғиз расмийлари Беларусда бошпана топган собиқ президентни экстрадиция қилиш билан боғлиқ ҳаракатларнинг бошланганини маълум қилишган.

Аммо Беларус Президенти Александр Лукашенко жаноб Бакиев унинг шахсий ҳимояси ва Белраус давлати муҳофозаси остида эканиин айтган.

У Россия ва ғарбни Қирғизистонда "зўравонлик" йўли билан ҳокимиятга келганларни дастаклашда айблаган.