Халқаро Молия Жамғармаси Ўзбекистоннинг инқирозга қарши чораларини олқишлади

Image caption Халқаро Молия Жамғармасига кўра, Ўзбекистон иқтисоди бу йил ҳам ўсишда давом этади

Халқаро Молия Жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Наойуки Шинохарага кўра, ўзбек иқтисоди инқироздан омон қолган ва ўсишда давом этади.

Ўзбекистонга ташрифини якунлаган жамғарма мулозими номидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, "ўзбек ҳукуматининг оқилона сиёсати туфайли мамлакат халқаро иқтисодий инқирозга дош бермоқда".

Жаноб Шинохаранинг айтишича, ҳукумат инқироз даврида иқтисодий ўсишни дастаклаш учун етарли заҳираларни жалб эта олган.

ХМЖ мулозими Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро молия бозорларидан қарз олиш борасидаги эҳтиёткорлигини олқишлаган.

Унга кўра, бундай эҳтиёткор ёндошув туфайли Ўзбекистон жаҳондаги иқтисодий инқирознинг таъсирини камайтиришга муваффақ бўлган.

Жаҳон иқтисоди ўнгланаркан, жамғарма 2010 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг "соғлом суратларда" ўсишини башорат қилмоқда.

"Ўзбекистоннинг мустаҳкам молиявий мавқеъйи ўзининг улкан иқтисодий салоҳияти ва аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш имконини беради",- дейилади Халқаро Молия Жамғармаси тарқатган баёнотда.

Жамғарманинг баҳоси ўзбек расмийларининг аксил инқироз чоралари ҳақидаги баёнотлари ва иқтисодий ўсиш билан боғлиқ башоратларига ҳамоҳанг янграган.

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимовга кўра, жорий йилда мамлакат иқтисоди 8.5 фоиз, келаси йил эса 9 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Жаноб Азимовнинг Осиё Тараққиёт Банкининг Тошкентда ўтган 43-йиллик анжуманидаги чиқишида маълум қилишича, 2009 йилдаги иқтисодий ўсиш 8.1 фоизни ташкил этган.

Бу дунёни забтига олган иқтисодий инқироз даврида жаҳонда қайд этилган энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

'Янгисини қурмай туриб, эскисини бузма!'

Мутахассислар Ўзбекистон иқтисодининг дунёга интеграция бўлмагани инқироз таъсирини камайтирганини эътироф этишса-да, иқтисодий ўсиш суратлари билан боғлиқ расмий маълумотларни шубҳа остига оладилар.

Ўзбекистон дунёдаги иқтисоди энг ёпиқ давлатлардан бири ҳисобланади ва ҳукумат бюджет тафсилотларини ошкор қилмайди.

Ўзбекистон мустақилилкка эришганидан буён мамлакат иқтисоди шўро услубидаги маъмурий буйруқбозлик йўли билан бошқариб келинади.

Аммо ҳукумат мулозимларига кўра, айнан шу усул мамлакатни жаҳондаги иқтисодий инқирознинг ҳалокатли таъсиридан сақлаб қолган.

Осиё Тараққиёт Банкининг анжуманида нутқ сўзлаган Президент Ислом Каримов АҚШ Президенти Обаманинг банк тизимини тартибга солиш билан боғлиқ чораларини олқишлаган ва давлатнинг иқтисоддаги ролини ошириш келажакдаги инқирозларнинг олдини олишда муҳим эканини урғулаган.

Жаноб Каримов Ўзбекистон ривожланишининг беш тамойилини эслатиб, давлатнинг иқтисодий ислохотлардаги ташаббускорлиги бугун ҳам ўз самарасини бераётганини айтган.

У анжуман қатнашчиларига Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида ўртага ташланган "янги уйни қурмай туриб, эскисини бузмаслик" ҳақидаги нақлни яна бир бор эслатган.

Ўзбекистон ҳукуматининг жаҳондаги молиявий инқироз мамлакатни четлаб ўтгани ҳақидаги баёнотларига қарамай, ҳукумат сўнгги пайтларда давлат ғазнасини тўлдиришнинг бир қатор қўшимча чора-тадбирларига қўл ураётгани кузатилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бунга хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлардан келаётган маблағлар ҳажмининг кескин камайиб кетиши сабаб бўлган.

Расмий рақамларга кўра, 2 миллионга яқин ўзбеклар Россияда меҳнат қилишади ва улар йилига миллиардлаб доллар маблағларни жўнатадилар.

Тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, айнан меҳнат муҳожирлари уйларига юборган маблағлар сўнгги йилларда ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Жаҳон Банки 2003 йилда Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири қашшоқликда ҳаёт кечиришини айтган.

Кузатувчилар сўнгги йилларда ҳаёт даражасининг янада тушиб кетганини айтишади.

Мамлакатда энг кам иш ҳақи 37 минг 680 сўм ёки 20 доллар атрофида.