Кўлоб минтақасига келган сел оқибатида ўнлаб инсон ғойиб бўлди

Сув тошқини оқибатлари
Image caption Сув тошқини Кўлоб шаҳри ва атроф туманларига кучли талафот етказди

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг хабар қилишича, Кўлоб минтақасида юз берган кучли ёғингарчилик ва сув тошқини оқибатида 7 киши ҳалок бўлган ва 40 одам бедарак йўқолган.

Амо Кўлоб шаҳридаги баъзи манбаларнинг айтишича, маҳаллий аҳоли вакиллари сув тошқинида ҳалок бўлган 15 инсон жасадини топганлар.

Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкин дея огоҳлантиришмоқда.

Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг матбуот котиби Мунира Назариеванинг айтишича, махсус ишчи гуруҳи йўқолган одамлар рўйхатини тузмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Кўлобга келган сел ва сув тошқини етказган зарар миқдори 100 миллион доллардан ошиб кетган.

Мунира Назариева сув тошқинида 600 дан ошиқ уй вайрон бўлган.

Шаҳарда 600 га яқин хонадон ер билан яксон бўлган.

Одамлар юқори қават уйлар томларига ҳамда дарахт ва тепаликларга чиқиб жон сақлашган.

Кўлобликллар фавқулодда вазиятлар хизматлари одамларга етарлигича ёрдам бера олмаётганидан шикоят қилишади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон сел қурбонлари оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган.

У таалуқли муассисаларга Кўлоб шаҳри ва атроф туманларга келган табиий офат оқибатларини зудлик билан бартараф этиш ва зарар кўрганларга ёрдам кўрсатишга буйруқ берганини айтган.

Тожикистон бош вазирининг муовинлари Муродали Алимардон ва Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазири Ҳайбулло Латифовлар Кўлоб минтақасидалар ва табиий офатни бартараф этиш ишларини назорат қилишмоқда.

Кўлоб шаҳри ва атроф туманларга сел ва сув тошқини тунда, барча уйқуда бўлган маҳалда келган.

Кўлобликларга кўра, шаҳар ўртасидан оқадиган Тебалай сойи соҳилларини бузиб тошқин натижасида сел юзага келган ва унинг баландлиги қарийб 4-5 метрга етган.

Уларнинг илова қилишича, ўнлаб одамларни сел олиб кетган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котибининг айтишича, кучли ёғингарчилик оқибатида Кўлоб шаҳридаги Тебалай дарёчаси суви сатҳи кўтарилиб, Чармгарони Поён минтақасини сув босган.

Натижада кўплаб уйлар бузилган ва уч болакай ҳалок бўлган.

Мунира Назариеванинг илова қилишича, Даҳана сойидаги сув сатҳи ҳам баландлаб, атроф қишлоқларга таҳдид сола бошлаган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига келган сўнгги маълумотларга кўра, мамлакат жанубидаги Норак минтақасига келган сел оқибатида бир инсон нобуд бўлган.

Сел шунингдек Кўлоб шаҳрини Шўробод минтақаси билан боғлаб турувчи кўприк ва минглаб гектар экин ерларини вайрон қилган.