Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара шу кунларда очилиши мумкин

Харита

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг билдиришича бу борада ҳукумат органларида муҳокамалар кетмоқда. Қирғизистондаги 7 апрель кунги воқеалардан сўнг, Қозоғистон ўз чегараларини ёпиб қўйганди.

-Бу ҳақда расман сизга бирор нарса дея олмайман, чунки ушбу масала ҳозир кўриб чиқилмоқда. Чегара эртами кечми барибир очилиши керак, дейди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Иляс Омаров.

АҚШ президенти Барак Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Макфол ўзининг Қирғизистонга қилган сафаридан сўнг Остонага келган ва Қозоғистон расмийларини икки давлат ўртасидаги чегара нуқталарини очишга ундаганди.

6 май куни икки давлат ўртасидаги чегара юк учун очилган ва фуқаролар учун ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. Қозоғистон томони буни мамлакатдаги нотинчлик ва беқарорлик билан изоҳламоқда.

Аммо, гувоҳлар чегара расман ёпиқ бўлса-да, пора эвазига ундан ўтиш мумкинлигини айтишмоқда.

Айни вақтда Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида самолёт ва поезд орқали алоқалар сақланиб турибди.

Қозоғистон Қирғизистоннинг энг яқин савдо ва сармоя киритувчи ҳамкорларидан ҳисобланади.

Қирғизистондаги воқеаларни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев "босқинчилик" дея атаганди. Президентнинг ушбу гапидан сўнг бир гуруҳ қирғизистонликлар Бишкекдаги Қозоғистон элчихонаси олдида намойиш ўтказишиб президентдан кечирим сўрашни талаб қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ