Россия: Кемероводаги кўмир конида қурбон бўлганлар сони ортиб бормоқда

Image caption Кемерово аҳолиси кўмир конидаги қурбонларга мотам тутмоқда

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, "Распадская" кўмир конидаги икки портлашда ҳалок бўлганлар сони 31 кишига етган.

Вазир Сергей Шойгунинг билдиришича, якшанба куни содир бўлган биринчи портлаш ортидан ер остида қолган 60 нафар кончи ва қутқарувчиларнинг тақдири номаълум.

Улар 500 метрдан чуқурроқда қамалиб қолишгани айтилади.

Аввалроқ кондан 17 нафар қутқарувчи ва 13 нафар кончининг жасадлари чиқариб олинган.

Хабарларга кўра, Россия ҳукумати қурбонларнинг оилаларига 1 миллион рублдан товон пули тўлашга буйруқ берган.

Айни пайтда қутқарув ишлари давом этаётгани айтилади.

Душанба куни эрталаб кон атрофида йирик қутқарув амалиёти бошланган.

Махсус амалиёт учинчи портлаш хавфи мавжудлиги туфайли тўхтатилган эди.

"Барча йўналишларда қутқарув бўлинмалари юборилган. Ростов, Москва, Новосибирск, Томск ва Хакасиядан 30 та бўлинма келган" деб айтган Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгу.

Унинг сўзларига кўра, йирик қутқарув амалиёти электр таъминоти ва вентиляция тизими қайта тикланганидан сўнг бошланган.

Расмийларга кўра, 60 одам турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Энг йирик кон

"Распадская" конидаги икки портлаш шанбадан якшанбага ўтар кечаси юз берган.

Биринчи метан портлаши чоғида конда 350 дан ортиқ ишчилар бўлишган.

Уларнинг аскариятини ер юзига чиқариб олишга муваффақ бўлинган.

Орадан бироз вақт ўтиб, қутқарувчиларнинг биринчи гуруҳи конга туширилган пайт иккинчи портлаш юзага келади.

Натижада кўмир кони ҳудудидаги маъмурий бинолар ва қурилиш иншоотларига зарар етган.

"Распадская" Россиядаги энг йирик кўмир кони бўлиб, у ерда бир йилда 8 миллин тонна кўмир ишлаб чиқарилади.

Кон 1973 йилад ишга туширилган.

Расмийларга кўра, портлаш юзасидан жиноят иши очилган.

Президент Медведев Бош вазир Путинга кўмир конидаги ҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссиясини тузишга буйруқ берган.