Тожикистонда сел ва ер кўчкилари оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони ортмоқда

Энг кўп талофатлар Кўлоб шаҳрида берилган...
Image caption Энг кўп талофатлар Кўлоб шаҳрида берилган...

Ўтган ҳафта охирида Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли ёмғирлар натижасида юз берган табиий офатдан қурбон бўлганлар сони борган сари ортмоқда. Энг кўп талофатлар Кўлоб шаҳрига тўғри келади.

Сел ва ер кўчкилари оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 24 нафарга етган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги Кўлоб шаҳри ва атроф туманларида бир ярим мингга яқин уйнинг вайрон бўлганини маълум қилган.

Вазирлик матбуот котиби Дўстмурод Забировнинг маълум килишича: "Сел туфайли ҳозиргача мавжуд маълумотларга кўра, Кўлобда 17 киши нобуд бўлди. 40 дан ортиқ инсон эса, дом-дараксиз кетган. Бундан ташқари Шўрободда 6 киши ва Норакда бир киши худди шу табиий офатдан кўз юмди".

Тожикистонликлар дараксиз кетганларнинг табиий офатдан бир неча кун ўтиб, омон топиш мумкинлигига шубҳа қилишади. Тожикистон қутқарув хизмати ходими Руслан Муборқадамнинг маълум қилишича, дараксиз кетганларни излаш ишлари тўхтатилган. "Уч кун давомида қидирув ишларини олиб бордик. Уч кун ўтиб, қидирув ишлари тўхтатилди. Сув сингиб кетган. Қолгани фақат лой. Унда қаерни излашни билмайсан", деди Руслан Муборқадам.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги матбуот котиби Дўстмурод Забировнинг кўрилган зарар жуда катта экани ва шу сабабли ҳамон аниқ рақамларни айтиш мушкуллигини айтади. Забиров жаноблари янги-янги талофотлар қайд этилаётганлигини урғулайди.

"Фавқулотда ҳолатлар бўйича комиссия ҳозирига қадар Хатлон вилоятида 453та уй буткул вайрон бўлгани, 838 та уй зиён кўргани аниқланган. Кўлобда 270 уй батамом вайронага айланган, қисман бузилган уйлар сони 202 тани ташкил этади. Лекин, бу рақамлар ўзгариши мумкин", деб урғулайди Дўстмурод Забиров.

Ёрдам ваъдаси

Айни пайтда МДҲ давлатлари Тожикистоннинг селдан зиён кўрган минтақаларига ёрдам жўнатиш ваъдасини беришган.

Тожикистон президент идораси матбуот хизматига кўра, бу ҳақда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти раҳбарларининг норасмий йиғини пайти айтилган.

8 май куни Москвада ўтган йиғинда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам иштирок этган.

"МДҲ раҳбарлари талаби билан Президент Имомали Раҳмон яқинда юз берган табиий офатнинг Тожикистон иқтисодига катта зиён етказгани ва Кўлоб, Муминобод ва Шўробод шаҳарчаларида инсоний талофатларга сабаб бўлганини маълум қилган. МДҲга аъзо давлатлар Тожикистоннинг селдан зарар кўрган туманлари аҳолисига кўмак беришга қарор қилган", деб айтган Тожикистон матбуот хизмати.

Бу мавзуда батафсилроқ