Қозоғистон: Импорт молларини тадбиркорлар назорат қилиши керак

Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулот
Image caption Хитойда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари Марказий Осиё бозорларида кўп сотилади

Қозоғистон четдан келадиган озиқ овқат маҳсулотларини маҳаллий тадбиркорлар назорат қилишини истайди. Давлат мулозимлари мамлакатдаги нарх-навонинг кўтарилишида чет эллик тадбиркорларнинг ҳам айби бор деб билади ва ушбу жабҳада ўз фуқаролари бўлишини хоҳлайди.

Маҳаллий тадбиркорлар эса нарх-навонинг ўсиши импорт билан шуғулланувчилар қўлида эмас, аксинча, ички бозордаги тўсиқлар айбдор деб билади. Қозоғистон минтақадаги озиқ-овқат маҳсулотларини катта миқдорда импорт қилувчи мамлакат саналади.

Қозоғистон ҳукумати мамлакатга озиқ-овқат олиб келишни маҳаллий тадбиркорлар ўз қўлларига олиши керак деган фикрда. Расмийларга кўра, асосий товарларни Хитойдан олиб келувчи хорижлик тадиркорлар маҳаллийларга кун бермаяпти ва истаган вақти нарх-навони кўтармоқда.

Бош вазир ўринбосари Умирзоқ Шукеевнинг маълумотларига кўра, мамлакатга кириб келадиган асосий озиқ-овқатлар Хитой орқали амалга оширилади.

- Бу савдо билан хорижликлар шуғулланади. Хитойдан келадиган товарларни улар ўта яхши ташкиллаштирилган тарзда олиб киришади. Ва улар қачон исташса, нарх-навони кўтаришади. Ушбу бозорга бизнинг тадбиркорлар кирмоқчи бўлса, турли ўйинлар қилиб, уларни бозордан сиқиб чиқаришади,-дейди ҳукумат йиғинида гапирган Бош вазир ўринбосари. Қозоғистонлик тадбиркорларнинг импорт жабҳасида ўз ўрнини топиши учун Умирзоқ Шукеев уч йилдан бери фаолият юритиб келаётган Ижтимоий Тадбиркорлик Корпорациясига кўпроқ ҳуқуқлар беришни таклиф қилмоқда.

Маҳаллий ҳокимиятлар қарамоғида фаолият юритадиган ушбу корпорацияга қандай имкониятлар берилиши "Ички савдо тўғрисида"ги ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида акс этиши кўзда тутилган.

Аммо, маҳаллий тадбиркорлар нарх навонинг баландлигида импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг айби йўқлигини айтишади.

Мисол учун, Қозоғистон божхона қўмитаси келтирган рақамларга кўра, бир килограмм картошка чегарадан ўтгунча 30 тангани ташкил қилса, бозорга етиб боргунча камида 70 тангага, яъни тахминан ярим долларга чиқади. Қўмита келтирган 27 хил истеъмол молларида шундай фарқ мавжуд. Ҳаттоки помидор, апельсин, банан каби маҳсулотларда нарх-навонинг бозорга етиб боргунча, деярли 3 баробар қимматлаганини кўриш мумкин.

- Чунки ушбу товарлар ички бозорга етиб боргунча, унинг йўлида жуда ҳам кўп олиб сотарлар туради. Бундан ташқари, ҳар бир юкдан ўз ҳиссасини олишни истовчи назорат органлари бор. Бунинг оқибатида молнинг тан нархи табиий равишда кўтарилиб кетади,-дейди Олма ота тадбиркорлар уюшмаси вице-президенти Тимур Назханов.

Бундан ташқари кузатувчилар ҳукуматнинг бозор иқтисоди асосларида қурилган савдо тизимига аралашиши яхши натижалар билан тугамаганлигини айтишади.

Бундан сал олдинроқ Қозоғистонга дори-дармон олиб кириш ва унинг савдосини яхшилаш мақсадида ҳукумат ташаббуси билан фармацевтика маҳсулотларини мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш вазифаси ягона муассаса зиммасига юкланди. Ҳукумат бу ташаббус билан сифатсиз дори дармонлар савдосига чек қўйиб, нарх-навони туширишини истаган эди.

Аммо, мутахассисларга кўра, оқибатда айрим жойлар мутлоқо дори-дармонсиз қолиб кетди, нарх-навода ҳам ўзгариш бўлмади.

Кузатувчилар Қозоғистон четдан озиқ-овқат товарларини олиб келишда ўз ролини орттиргунча мамлакат ичидаги тадбиркорлар шароит яратиб беришга ва бунинг оқибатида нарх-навони ушлаб туришнинг уддасидан чиқишга чақиришида.

Минтақада энг йирик 24 миллион гектар экин майдонига ва қарийб 180 миллион гектар яйловга эга бўлган Қозоғистон полиз экинларидан тортиб гўшт ва сут маҳсулотларигача четдан импорт қилади. Мутахассислар Қозоғистон импорт қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари умумий истеъмолнинг қарийб 80 фоизини ташкил қилишини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ