Қирғизистон Латвиядан Максим Бакиевни экстрадиция қилишни сўради

Image caption Максим Бакиев Латвияда, деб ишонилади

Қирғиз прокурорлари Латвиядан ағдарилган президентнинг ўғли Максим Бакиевни ҳибсга олишда ёрдам сўрашган.

Максим Бакиев давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва фирибгарликда айбланмоқда.

32 ёшли Максим Бакиев ўтган ҳафта Интерполнинг қидирилаётганлар рўйхатига киритилган.

Қирғизистон Бош прокуратураси унинг Латвияда яширинаётганига ишонишини айтган.

Прокуратура воизи Латвия икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ гумондорни ҳибсга олишда ёрдам бериши кераклигини айтган.

Қурмонбек Бакиев 7 апрел куни ҳукумат кучлари ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувлар натижасида ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Ҳодисаларда 85 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистоннинг муваққат Бош прокурори Азимбек Бекназаров ҳодисалар чоғида қуролсиз намойишчиларни нишонга олишда гумон қилинаётган 8 мерганнинг ҳибсга олинганини маълум қилган.

Жаноб Бекназаров отишга ким буйруқ бергани ўзларига маълум эканини айтган.

У шунингдек, айрим собиқ мулозимлар кўнгилли равишда келиб, ҳодисалар юзасидан кўрсатма бераётганликларини ҳам айтган.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати Беларусда паноҳ топган собиқ президент Қурманбек Бакиевни экстрадиция қилиш юзасидан ҳам расмий сўров билан мурожаат этишини билдирган.

Аммо Беларус Президенти Александр Лукашенко жаноб Бакиев Беларус давлати ва президентининг ҳимоясида эканини таъкидлаб, бу каби сўровнинг рад этилишига ишора қилган.

Қурманбек Бакиев намойишчиларни отишга буйруқ бермаганини айтган, аммо унинг укаси ва президент хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Жаниш Бакиев шундай буйруқ бергани, аммо биринчи бўлиб намойишчилар томонидан ўқ узилганини айтган.

Ҳодисалардан сўнг яширинишга муваффақ бўлган Жаниш Бакиевнинг қаерда экани номаълум.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати у ва собиқ президентнинг яна бир неча яқинлари ва тарафдорларига қидирув эълон қилган.

Муваққат ҳукумат мулозимлари Қурманбек Бакиев давлатга тегишли 200 миллион доллар маблағни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетганини даъво қилишган.