Имомали Раҳмон Ўзбекистон президентига миннатдорчилик билдирди

Image caption Икки давлат ўртасида Роғун ГЭСи юзасидан сўз уруши авжига чиққан

Тожикистон президенти ўзбекистонлик ҳамкасбига Тожикистоннинг юк вагонлари транзитига рухсат бергани учун миннатдорчилик билдирган.

Президент Раҳмон бу ҳақда ҳукуматнинг Сўғд ва Хатлон вилоятларида юз берган сел оқибатларини бартараф этишга қаратилган фавқулодда йиғинида гапирган.

Тожикистон давлат телевидениси орқали намойиш этилган ҳукумат масжлисида жаноб Раҳмон "Ўзим, Тожикистон ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан ушбу дўст ва қардош қўшни давлат раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримовга ҳозирги қийин шароитда қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг Хатлон ўртасидаги темир йўлини таъмирлаб, ушбу йўналишда поездлар ҳаракатининг тиклангани учун миннатдорчилик билдираман", - деб айтган.

Жаноб Раҳмонов табиий офат ҳозирга қадари мамлакат иқтисодиётига 210 миллион доллар зарар етказганини айтган.

Фалокатда 20 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган.

Оҳанг ўзгармоқдами?

Ўтган ҳафта Тожикистон Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига мурожаат этиб, Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида тожик вагонларини ушлаб туришда давом этаётгани юзасидан чора кўришга чақирганди.

7-8 май кунлари Ўзбекистон ун маҳсулотлари юкланган 34 вагоннинг Тожикистон ҳудудига ўтишига рухсат берган.

Аввалроқ БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистоннинг тожик вагонлари транзитига рухсат бермаётганини "қабул қилиб бўлмас" деб атаган.

Ўзбек томони вагонларнинг ўтказилмаётганини темир йўл тизимидаги носозликлар билан изоҳлаган.

Аммо тожик матбуоти вагонлар транзитида юзага келган муаммони Роғун ГЭСи қурилиши атрофидаги зиддиятга боғлаган.

Аммо Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси ва темир йўл мулозимлари бу иддаони рад этганлар.

Ўзбекистон Тожикистоннинг гидроиншоот қурилиши лойиҳаси минтақада сув тизимини издан чиқариши ва атроф-муҳитга ҳалокатли таъсир кўрсатишини айтиб келади.

Тожикистон ўтган ой Жаҳон Банкининг лойиҳа юзасидан мустақил экспертиза ўтказишига рози бўлган.

Президент Раҳмоннинг сўнгги баёноти, кузатувчилар назарида икки давлат ўртасидаги зиддиятни юмшатишга қаратилган.

Би-би-си билан суҳбатда Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази директори Суҳроб Шарипов Ўзбекистоннинг тожик вагонлари транзитига рухсат беришини "инсонпарварлик амали" дея баҳолади.

Унга кўра, тожик президентининг сўнгги баёноти Роғун ГЭСи атрофидаги оҳангнинг ўзгараётганини англатмайди.

"Тожик томони Ўзбекистонни ҳамма вақт Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этишга даъват қилиб келган ва ҳозир ҳам ҳамкорликка тайёр", деди Суҳроб Шарипов.

Айни пайтда Ўзбекистон хорижий давлатларнинг юк транспортлари учун транзит нархини оширган.

Хабарларда Тожикистонга ўтаётган юк машиналари ва автобуслар учун нарх 70 доллардан 90 долларга кўтарилгани айтилади.

Аммо янги транзит тарифлари Тожикистон вагонларига ҳам тадбиқ этиладими, йўқми, номаълум.