"Барселона" Лапортасининг ўзбек париси

Image caption "Эл-Паис"даги мақолада "Барселона" ва "Бунёдкор" ўртасидаги молиявий олди-бердилар ҳақидаги тафсилотлар берилган

Испанияда чоп этиладиган "Эл Паис" рўзномасида "Лапортанинг ўзбек париси" номли мақола чоп этилган. Унда Испаниянинг энг таниқли футбол клуби "Барселона" президенти Хуан Лапорта билан "Бунёдкор" жамоаси ўртасидаги молиявий борди-келдилар тафсилотлари ҳакида сўз юритилади. "Бунёкор" жамоасига эса бир қатор кузатувчилар томонидан Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли, дея кўрилган "Зеромакс" ширкати ҳомийлик қилиши айтилади.

Мақола муаллифи Жон Карлин Би-би-си билан суҳбатда "Барселона" ва "Бунёдкор" ришталари борасида қандай маълумотларга эришгани ҳакида айтиб берди.

Жон Карлин: Бундан роппа-роса икки йил аввал "Барселона" футбол клуби президенти Хуан Лапорта ва Гулнора Каримова назорати остида эканлиги айтилган "Зеромакс" ширкати вакили (мақолада бу вакил Миродил Жалолов, дея айтилган- Би-би-си шарҳи) билан учрашув бўлиб ўтади. Учрашув мобайнида "Барселона" жамоаси ва "Бунёдкор" ўртасида мулоқот ўрнатиш муҳокама килинади. Барселона шаҳридаги италян ресторанларидан бирида тушлик устида бўлиб ўтган бу муҳокама натижасида икки футбол жамоаси ўртасида биродарлик ришталари ҳақида келишиб олинади. Бу ришталар режасига икки ўртоқлик учрашуви ўтказилиши, "Барселона" футболчиларининг Тошкентга бориб, "футбол клиникасини" ўтказиш киритилиши айтилади. Бу келишувга мувофиқ "Барселона"нинг энг таниқли юлдузларидан Месси, Инъеста ва Пуйол кабилар Тошкентга бориб келишди ва маълум бўлишича, уларга ва яна бир қатор футболчиларга Тошкентга ташрифлари учун миллион евродан тўланган, ўтказилган икки ўйин учун эса 5 миллион евро ваъда қилинган. Бундан ташқари жаноб Лапортага тегишли юридик ҳимоя ширкатининг Гулнора Каримовага тегишли одамлар билан борди-келдиси ва турли ўзаро тўловлари ҳам бўлган.

Би-би-си: Мақолада сиз келтираётган бу маълумотларнинг манбаси ким ва у берган маълумотлар не қадар ишончли?

Жон Карлин: Мен албатта ўз манбаларимни ошкор эта олмайман. Лекин шахсан мен бу манбаларни ўта ишончли манба сифатида кўраман, акс ҳолда мен бу маълумотларни чоп қилиб ўтирмаган бўлардим. 2008 йилнинг 16 май куни бўлиб ўтган Лапорта ва "Зеромакс" вакили ўртасидаги учрашув тафсилотлари шунингдек, "Барселона" ва "Бунёдкор" ўртасидаги келишув ҳақидаги маълумотлар аввал баъзи бошқа нашрларда ҳам чоп этилган, мен фақат бошқалардан кўра кўпрок тафсилотларни топишга муваффақ бўлдим, чунки мен ўша тушликда ҳозир бўлган шахс билан суҳбатлашишга эришдим. Мен бу маълумотларни ҳаммасини йиғиб, кўшимча қилган нарсам шу бўлдики, "Барселона" ўзи тақдим қилаётган қадриятлар билан Ўзбекистон ҳукумати тутаётган йўл ўртасида қарама-қаршилик борлигига урғу бердим.

Савол: Барселона жуда донғи кетган жамоа, хоҳласа жаҳоннинг ҳар қандай жамоаси билан ҳамкорлик қилиши, бизнес алоқаларини юритиши мумкин, нима учун келиб-келиб деярли ҳеч кимга нотаниш "Бунёдкор" билан иш юритишга қарор берган деб ўйлайсиз?

Жон Карлин: Албатта "Барселона" ўта донгдор жамоа, ва жаҳондаги энг жиддий футбол мутахассисларининг аксари "Барселона" ҳозирда энг зўр ўйин кўрсатаётган жамоа эканлигини ҳеч иккиланишсиз айтадилар, ва жаҳоннинг энг зўр футболчиси, деб кўрилган Лионел Месси ҳозирда Барселона таркибида тўп сурмокда. Менимча, Лапорта шундай шахски, "Барселона" жамоаси ва ҳозир сўз кетаётган ҳолатда ўзи учун ҳам бирон пул ундириб қолиш имкони бўлса, бу пул қаердан келаётганига синчиковлик билан қарамай, тагини суриштирмай, кўпроқ маблағнинг ўзига эътиборни қаратиб, рози бўлаверадиган кўринади. "Барселона" учун ҳар қандай бошқа жамоа билан битим тузиш осон бўлардику деяпсиз, мен ҳам бу фикрга кўшиламан. Ҳа "Барселона" бошқалар билан ҳам, йирик халқаро жамолар билан ҳам иш юритади. Кўринишича "Бунёдкор"га келганда бу осонгина пул манбаи бўлган ва албатта шу жиҳатдан жозибали бўлган. Лапорта бу имкониятни рад эта олмаган кўринади.

Савол: Бу каби олди-берди "Барселона"нинг обрўсига қандай таъсир кўрсатди деб ўйлайсиз?

Жон Карлин: Фикримча, "Барселона" обрўсига ижобий таъсир қилмаган. Бу мақола Испаниянинг энг йирик "Эл Паис" рўзномасида ўтган якшанба куни чоп этилди ва бу мавзуга аввалгига қараганда кўпроқ одамларнинг эътиборини тортди. Айтиш керак, бу борада аввалроқ ҳам Британия рўзномаларида ва баъзи Интернет саҳифаларида мақолалар чоп этилганди. Шунинг учун бу мақолада келтирилган маълумотларни мен фақат менинг тадқиқотларим самараси, деб айта олмайман. Мен қилган ишим бу олди-берди атрофидаги маълумотларни жамлаб, кенгроқ манзарани яратишга ҳаракат қилдим.

Савол: Маколанинг ўзига муносабатлар қандай бўляпти?

Жон Карлин: Икки хил муносабат билдириляпти. Бир томондан Барселона одамлари мени жамоа шаънига доғ тушириш илинжида эканлигим, бошқа бир жамоа тарафдори бўлганим учун шундай қилаётганим, ёки келгуси ойда "Барселона" президентини қайта сайлаш жараёнидан аввал Лапорта обрўсини тўкишга интилаётганимда айблашмокда. Бошқа томондан эса, "Барселона" ўзи тарғиб қилишини эълон килган қадриятлар, бу қадриятларни сиз уларнинг вебсаҳифаларида ҳам ўқишингиз мумкин, ана шу қадриятлар билан амалда қилаётган ишлари ўртасида бу каби қарама-қаршилик мавжудлигидан ҳайратга тушганлар ҳам бор. Барселона ўз футболкаларида ЮНИСЕФ тамғаси билан ўйнайди. ЮНИСЕФ жахонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ана шу қадриятлар билан Ўзбекистондаги режим қадриятлари ўртасидаги фарқни кўриб ҳайрон қолмоқдалар.

Савол: Нима учун "Барселона"нинг айнан "Бунёдкор" билан борди-келдиси сизнинг эътиборингизни ўзига тортди? Бу ҳолатни алоҳида ўрганишга қўл уришингизга сабаб нима?

Жон Карлин: Менинг бу ҳакда кўп ҳам хабарим йўқ эди. Бир одамни Лондонда учратганимда, Гулнора Каримова сизларга элчи бўлиб кетаётган экан, деб қолди ва биз у билан "Барселона"-"Бунёдкор" алоқалари ҳақида гаплашиб қолдик. Бу менга жуда қизиқ ва ўрганишга арзийдиган бир мавзу бўлиб кўринди. Ва мен ҳудди ана шундай қилдим, ўргана бошладим, кўплаб одамлар билан гаплашдим. Ўзбекистон ҳақида аввал деярли ҳеч нима билмаган бўлсам, эндиликда анча нарсани билиб олдим. Ўзбекистонни яхши биладиган, ҳам мамлакат ичкарисидаги ва ҳам хориждаги мутахассислар билан гаплашдим. Мавзуни ўрганган сарим, рўзномада чоп этишга арзирли эканлиги ҳақида ишончим орта борди.

Савол: Ана шу сиз гаплашган одамларингиздан бири, унинг гапларини мақолада ҳам келтиргансиз, "Гулнора Каримова Ўзбекистонда иложи борича кўпрок маблағни йиғиб олиб, Ғарбда тўкин- сочин ҳаёт кечириш мақсадидаги шахс", деб айтибди. Лекин бошқалар айтиши мумкинки, Гулнора Каримова Ўзбекистонда ҳайрия ишлари учун жуда кўп ишлар қилади, мана бирон фойда келтирмайдиган футбол соҳасига шунча пул сарфлаяпти, деб....

Жон Карлин: Балким шундайдир...Мен ўз фикримни ҳамманикидан устун ва ҳақ, Гулнора Каримова фаолиятига баҳо беришда ниҳоий, деб даъво қилмайман. Мен қилган ишим фақатгина "Барселона" томонидан қилинган мана шу бир олди-сотдига эътибор қаратиш эди. Мен суҳбатлашган деярли ҳамманинг айтишича, ҳам хориждаги ва ҳам Ўзбекистон ичидагилар дохил, Гулнора Каримованинг бойлиги унинг президент қизи бўлганлигининг бевосита натижасидир ва у тўплаган маблағ эркин ва адолатли бизнес юритиш натижаси бўлмаган.

Гулнора исроф қилаётган миллионлар катта бувисини маҳрига тушиб,унга мерос қолибтими? У бойликлар ҳалқнинг пешона тери,ҳалқ мулки эмасми? Бели оғримаганни нон ейишини кўр дейди доно ҳалқимиз. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий аҳволидан келиб чиқиб, Гулнорахон бу маблағларни ўринли,яъни ҳалқ фаровонлиги йўлида сарфласа мақсадга мувофиқ бўларди.Бутун орзу умидлари саробга айланган оддий ҳалқнинг дардига жаҳон футболи малҳам бўла олармиди???Бу каби харакатларнинг ҳали ҳануз жавоби бор!

Шукруллох, Иваново

Бутун жаҳон ҳамжамияти, яъни етакчи демократик давлатларнинг иқтодордаги раҳбарлари Ўзбекистондаги аҳволдан жуда яхши хабардор, балки Ўзбекистоннинг халкидан ҳам яхширок ва чуқуррок маълумотга эга. Ўзбекистондаги режимни асл башарасини била туриб, шу режим раҳбарини нафақат тан олиб, балки у билан алоқадан жирканмайдиган ДЕМОКРАТИЯНИНГ нархи ва ўзини "демократия ва инсон ҳукуклари тарафдори" деб атовчи юқорида айтиб ўтилганларнинг асл ниятлари ҳаммага аён.

Абу Бакр