Россия полиомиелит сабаб Тожикистондан болаларни олиб чиқиб кетмоқчи

Image caption Тожикистонда полиомиелитга қарши оммавий эмлаш бошланган

Россия бош санитар врачи Геннадий Онишченко Тожикистонда яшаётган россиялик болаларни мамлакатда полиомиелит эпидемияси тарқалгани муносабати билан эвакуация қилишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимлари эса, Тожикистондаги болалар уч марталик эмлаш амаллари якунлангандан сунг, олиб кетилиши мумкинлигини айтишган.

Россия санитар хизмати мулозимларига кура, Тожикистонда хавфли эпидемия таркалган ва у ерда россиялик болаларнинг қолиши мумкин эмас.

Жаноб Онищенко май-июн ойларида россиялик болалар Тожикистондан чиқарилишини айтган.

Ундаги маълумотларга кура, Тожикистонда 360 та полиомиелит билан касалланиш ҳолати аниқланган ва шундан 10 таси ўлим билан якунланган.

Лекин Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимлари россиялик ҳамкасблари айтган полиомелит билан боғлиқ рақамларни рад этишади.

Тожикистон бош санитар врачи Шамсиддин Жобировга кўра, бугунгача 390 киши полиомелитда гумон қилинган, шундан 83 таси тасдиқланган.

Маълумотларга кўра, касалликда гумонланган кишиларнинг намуналари 60 кундан сўнг аниқ натижани беради.

Гумон этилган 390 шахс орасида касаллик яна чиқиши эҳтимоли катта. Тожикистонлик расмийлар ҳозирга қадар мамлакатда полиомиелитдан фақат битта ўлим ҳолатининг қайд этилганини урғулайдилар.

Тожикистондаги "Оналик ва болаликни ҳимоя килиш" бўлими бошлиғи Шерали Раҳматуллоев мамлакатда полиомелитда гумон қилинган кишилардан 12 нафари вафот этганлигини айтар экан, лекин уларнинг айнан полиомиелит бўлганлиги тасдиқланмаган, дейди.

"Фақат бир кишининг касаллиги тасдикланди",- дейди мулозим.

Тожикистонда мингга яқин россиялик болалар яшашади.

Улар асосан, Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси ходимларининг фарзандлари.

Улар ўқийдиган мактабларда биринчилардан бўлиб, болалар Россиядан келтирилган махсус эмлаш воситалари билан эмлангани маълум.

Шамсиддин Жобиров россиялик болаларнинг эвакуация қилинишига ҳеч бир қаршиликлари йўқлигини айтади.

"Лекин фалажга қарши 6 ёшгача бўлган болаларда миллий эмлаш тадбири ўтказаяпмиз экан, россиялик болалар ҳам уч даврдаги вакцинани қабул қилгандан сЎнг, кетаверишлари мумкин",- дейди тожик мулозими.

Унинг фикрича, Россия томонининг хавотирлари ўринсиз.

Аввалроқ Геннадий Онишченко Россия ҳукуматига Тожикистондан қуруқ мевалар импортига таъқиқ киритишни тавсия этган эди.