Кобулдаги худкушлик ҳужумида 20 киши ҳалок бўлган

Image caption Ҳужум Нато конвойини нишонга олган

Кобулда автоулов воситасида амалга оширилган худкушлик ҳужумида 6 Нато аскари дохил 20 киши ҳалок бўлган, 5дан ортиқ одам яраланган.

Ҳужум Нато конвойини нишонга олгани айтилади.

Портлаш парламент ва ҳукумат биноларига яқин Доруломон чоррахасида юз берган.

Қурбонларнинг аксарияти тинч афғон фуқаролари.

Кобулда кучайтирилган хавфсизлик чораларига қарамай, сўнгги ойларда Толибон жангарилари би неча йирик ҳужумларни амалга оширган.

Худкуш ҳужумчи портловчи моддалар билан тўлдирилган автоуловни бошқариб боргани айтилади.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Нато бошчилигидаги Халқаро хавфсизлик кучларига қарашли (Isaf) конвой пойтахт ғарбида ҳужумга учраган.

Толибон ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Марк Дамметга кўра, Кобулда ҳукумат идоралари ва меҳмонхоналарга уюштирилган қатор ҳужумлар ортидан полиция шаҳар бўйлаб қўшимча назорат-ўтиш нуқталарини ташкил этган.

"Аммо шаҳарга кириб келаётган ҳар бир автоуловни тўхтатиб, текшириш қийин ва ҳужумларнинг давом этиши тайин",- дейди мухбиримиз.

Йирик ҳужум

Афғон Президенти Хомид Карзай ҳужумни "қайғули" деб тасвирлаган.

"Биз ҳужумни қаттиқ қоралаймиз. Умид қиламанки, иншооллоҳ, Афғонистон бу азоблардан қутуладиган вақт яқин", деб айтган жаноб Карзай телевидение орқали намойиш этилган матбуот анжуманида.

Ҳужум Афғонистон жанубидаги Толибон истеҳкоми бўлган Қандаҳорда режаланган йирик ҳарбий амалиёт арафасида юз берган.

Шу йил бошида Нато ва афғон кучлари қўшни Хелманд вилоятида жангариларга қарши йирик ҳужумларни бошлаган ва хавфсизлик кучлари ҳозир ҳам Хелманд ва атрофида жанг қилмоқда.

Нато ва Қўшма Штатлар Афғонистонда минглаб қўшимча кучларни жойлаштирган.

Исёнчиликка тезроқ барҳам беришга қаратилган стратегияга мувофиқ, шу йил августида хорижий кучларнинг сони 150 мингга етиши кутилмоқда.

SMS рақамимиз: +447786201124