Божхона Иттифоқига қўшилган Қозоғистон жанубий чегараларни мустаҳкамламоқда

Image caption Божхона Иттифоқининг асосий нормалари шу йил 1 июлидан кучга киради

Божхона Иттифоқи қоидалари кучга кириши арафасида Қозоғистон Ўзбекистон билан чегараларни мустаҳкамлашга киришган.

Қозоғистон ўзбек-қозоқ чегарасида 20 та янги чегара нуқтаси қуриш ва мавжуд 40 тасини қайта жиҳозлашни режаламоқда.

Қозоқ мулозимлари янги чегара нуқталарининг 2011 йил охирига қадар ишга туширилишини айтишган.

Бундан ташқари, сув орқали ўтадиган контрабанда молларига чек қўйиш мақсадида шу йилдаёқ Сирдарёга кичик қайиқлар қўйилади.

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегараси 1397 чақиримни ташкил қилади.

Расмийларнинг эътироф этишларича, чегара ҳудуди ўта катта бўлганлигидан уни замонавий назорат ускуналари билан таъминлаш қийинчилик туғдиради.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзига хос божхона қонун-қоидалари мутахассислар томoнидан контрабанда учун рағбат пайдо қилаётгани айтилади.

Божхона тўловларининг баланд қилиб қўйилгани тадбиркорларни айланма йўллар орқали ўтишга мажбур қилмоқда.

Шафоф чегара

Қозоғистон чегара мулозимларига кўра, айнан жанубий чегаралар - Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегарадан энг кўп ноқонуний товар ва гиёҳванд моддалар кириб келади.

7 апрель воқеалари сабаб Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасидаги чегаралар ҳали очилганича йўқ.

Натижада истеъмол учун зарур бўлган ун ва нефт маҳсулотлари Қирғизистонга кириб келиши қийинлашган.

Расмий Бишкек чегара ёпиқлиги ортидан мамлакат ичида вужудга келган етишмовчиликларни қонунни четлаб ўтиш орқали бартараф этишга ҳаракат қилар экан, Қозоғистон ҳукумати Божхона бўйича тузилган иттифоқдошлари учун ҳам чегараларини янада мустаҳкамлашга мажбур.

Турли хабарларга кўра, Россия ва Оврўпа иттифоқига Қозоғистон орқали ўтадиган гиёҳванд моддаларнинг 70 фоизи айнан қирғиз-қозоқ чегараси тўғри келмоқда.

Кузатувчилар Қозоғистон Ўзбекистон билан чегараларни мустаҳкамлашга қанчалик ҳаракат қилмасин, божхона тартибларининг ўта мураккаблиги контрабанда молларининг ўтишига замин яратаверишини айтишади.

2009 йилда Қозоғистоннинг жанубий чегаларидан расман 1000дан ортиқ ноқонуний равишда юк олиб ўтишга уриниш ҳоллари қайд этилган.

Ўзбекистонда хориждан мол олиб келиш билан шуғулланадиган майда тадбиркорларнинг бозордан сиқиб чиқарилиши ортидан контрабанда ҳоллари янада кўпайган.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати жисмоний шахслар Ўзбекистонга олиб кира оладиган молларнинг умумий нархини 50 доллардан 25 долларга туширган.

Ўзбекистондан Қозоғистонга чиқувчи полиз маҳсулотлари ва меваларга ички буйруқ орқали тўсиқ қўйилиши эса, Ўзбекистондан келадиган тадбиркорларни ноқонуний йўллардан фойдаланишга мажбур қилаётгани айтилади.

Ўзбек-қозоқ чегарасида ўз машинаси билан тирикчилик қиладиган қозоғистонлик Маҳмуд оғанинг айтишича, у кўрган деярли барча товарлар Ўзбекистондан айланма йўллар орқали ёки ноқонуний равишда олиб ўтилади.

Чегарасиз савдо

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасидаги Божхона Иттифоқининг асосий нормалари шу йил 1 июлидан кучга кириши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта Россия ҳукумати Иттифоқнинг Божхона Кодексини қабул қилган.

Ушбу ҳужжат ягона божхона тўловларини қўллаш, савдога қўйилган чекловларни олиб ташлаш ҳамда яқин иқтисодий ҳамкорликни назарда тутади.

Ўзбекистон 2009 йил охирида Божхона Иттифоқини тузган Авросиё Иқтисодий Ҳамжамиятидан чиқишини эълон қилган эди.

Божхона Иттифоқи янги давлатлар учун очиқ, деб эълон қилинган.

Ҳозирга қадар фақат Арманистон ушбу Иттифоққа аъзо бўлиш истагини билдирган.

SMS рақамимиз: +447786201124