Ўзбекистон Қирғизистонга узатиладиган газ ҳажмини қисқартирган

Ўзбекистон Қирғизистонга узатадиган газ ҳажмини камайтирган
Image caption Газ ҳажимининг камайтирилишига сабаб қирғиз тарафи газ учун тўловларни ўз вақтида тўламагани сабаблиги айтилади

Қирғизистон жанубида жойлашган Ўш шаҳрида табиий газ таъминотида узилиш кузатилган.

Ўш вилоят газ хўжалиги раиси Маткалик Аматовга иқтибосан айтилишича, 17 май куни маҳаллий вақт билан 18:00да газқувурлари бўйича бошқарма "Қирғизнефтгаз" очиқ акциядорлик корхонасидан телефон хабари олган. Хабарда Ўзбекистон Қирғизистонга узатилаётган газ ҳажмини 50 фоизга қисқартиргани айтилган.

Аматовнинг сўзларига кўра, "Қирғизнефтгаз"нинг Ўзбекистондан умумий қарзи ҳозир 1 миллион 600 мингни ташкил этади. Газ ҳажмининг қисқартирилишига айни мана шу қарзлар сабаб бўлган ва Ўш шаҳри газ таъминотисиз қолган.

Айни пайтда "Қирғизнефтгаз" раҳбарияти ҳозир ўзбек тарафи билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинади. Аматов жаноблари муаммо имкон қадар тезроқ ҳал этилишига умид билдирган.

Ўтган ойнинг охирларида ҳам Ўзбекистон Қирғизистон жанубига узатиладиган табиий газ ҳажмини уч баробарга камайтирганди. Расмийларга кўра, ўзбек томони ушбу қарорни Қирғизистоннинг газ учун қарздорлиги билан изоҳлаган.

Қирғизистон табиий газни асосан Ўзбекистондан олади. Қарзнинг тўпланиб қолишига сабаби ўтмишда Қирғизистон энергетика тизимидаги ноқисликлар ва етказиб берилаётган газ тақсимотидаги муаммолар экани билан тушунтирилган.

Шимолий Қирғизистонга ўзбек гази Қозоғистон орқали ўтади. Жанубий Қирғизистонга эса, ўзбек гази тўғридан-тўғри Андижон вилояти орқали узатилади. Мутахассиcларга кўра, шу боис Жанубий Қирғизистонга йўналган газ қувурини керак бўлганда "ёпиб" қўйиш муаммо эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ