Қирғизистон ҳукумати Жалолободда фавқулодда ҳолат эълон қилди

Қирғизистон
Image caption Қирғизистон жанубида вазият ҳамон таранглигича қолмоқда

Қирғизистон муваққат ҳукумати чоршанба куни жанубий Жалолобод шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бунга Жалолободда юз берган зўравонликлар сабаб бўлгани айтилади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эълон қилишича, зўравонликларда икки одам ҳалок бўлган ва 70 га яқин одам яраланган.

"Фуқаролар хавсизлигини таъминлаш, вазиятни тез фурсатда нормаллаштириш ва жамоат тартибини ўрнатиш мақсадида бугундан бошлаб 1 июнга қадар фавқулодда ҳолат жорий этишга қарор қилинди," дейилади муваққат ҳукумат чиқарган баёнотда.

Муваққат ҳукумат раҳбари томонидан чиқарилган қарорга мувофиқ, маҳаллий вақт билан соат кечки 8 дан эрталабки 6 гача коммендантлик соати жорий этилади.

Чоршанба куни эрталаб икки мингга яқин ғазабланган намойишчилар шаҳар маркази томон юриш қилиб, амалдаги вилоят губернатори Бектур Асанов истеъфоси ва ўзбек маданият марказининг раҳбари Қодиржон Ботировни жавобгарлкка тортишни талаб қилганлар.

Қирғизистон жанубидаги Би-би-си мухбирининг маълум қилишича, соат маҳаллий вақт билан ўн бирларда намойишчилар иккига бўлинган.

Бир гуруҳ вилоят давлат маъмурияти, иккинчи гуруҳ эса Олимжон Ботиров номидаги маҳаллий университетга йўл олган.

Олимжон Ботиров шахсий университетига ўзбек маданий марказининг бошлиғи, таниқли тадбиркор Қодиржон Ботиров асос солган.

Намойишчилар Қодиржон Ботиров тарафдорларини ўтган ҳафта ағдарилган президент Қурманбек Бакиевнинг Жалолобод яқинидаги Тейит қишлоғида жойлашган уйини ёқиб юборишда айблашган.

Улар агар Қодиржон Ботиров ағдарилган президент уйини қайта тиклаб бермаса, унинг "мулкига тажовуз" қилишларини айтганлар.

Университет биноси милиция ходимлари томонидан ўраб олинган. Намойишчиалр университет биносига тош ота бошлашган. Ички ишлар ходимлари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўт очган.

Жалолобод шаҳри ўтган ҳафта ағдарилган президент Бакиев ва муваққат ҳукумат тарафдорлари ўртасидаги қонли тўқнашувларга саҳна бўлганди.

Мазкур тўқнашувларда икки одам ҳалок бўлган ва ўнлаб одамлар яраланган эди.

Айни дамда Қодиржон Ботировнинг қаерда экани аниқ эмас.

Би-би-си мухбирининг айтишича, ҳозирда университет атрофидаги вазият таранглигича қолмоқда.

Олийгоҳ атрофидаги маҳаллаларда маҳаллий аҳоли гуруҳлар тузиб, ўзларини эҳтимолий ҳужумлардан муҳофаза қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Алоқа учун SMS рақамимиз: +447786201124