Жалолободда вазият ҳамон таранглигича қолмоқда

Жалолобод бозори

Маҳаллий вақт билан соат 1600 ларда Жалолобод шаҳри четидаги вилоят отчопарида намойиш ўтказган минглаб намойишчилар тарқала бошлашган.

Улар билан мулоқот олиб борган муваққат ҳукумат вакили, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи генерал Исмоил Исаков бўлиб ўтган ҳодисалар юзасидан чуқур текширув ўтказиш ва қўйилган талабларни қараб чиқишга ваъда берган.

Кечга бориб отчопарда намойишчиларнинг бир қисми қолган.

Жалолободдаги манбаларнинг айтишича, Олимжон Ботиров номли Халқлар Дўстлиги университети биносига кираверишга тўсиқлар қўйилган.

Университет атрофидаги маҳаллаларга кираверишда ёшлар тўсиқлар ўрнатиб, навбатчиликни йўлга қўйганлар.

Жалолобод вилоят ўзбек жамоатчилиги баёнот тарқатиб, ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимларининг маълум қисми фаолиятидан норозилик билдирган.

Баёнотда шунингдек оммавий ахборот воситаларида ҳодисалар нохолис ва бир томонлама ёритилаётгани таъкидланган.

Жалолобод ҳокими калтакланди

Пайшанба куни ғазабнок оломонни тинчлантиришга уринган Жалолобод вилояти ҳокими Бектур Асанов ҳамда Мудофаа вазири Исмоил Исаковга ҳужумлар бўлган.

Жалолободда чоршанба кунги қирғизлар билан ўзбеклар орасида келиб чиққан зўравонлик пайти икки киши ўлимига сабабчи бўлганларни жазолаш талаби билан ташкил этилган норозилик намойишида минглаб иштирокчи қатнашган.

Намойишчиларни тинчлантиришга ҳаракат қилган Жалолобод вилояти ҳокими Бектур Асановга оломон ҳужум қилган, гувоҳларга кўра, ҳоким жароҳатланган.

Шоҳидларнинг айтишларича, жаноб Асановни шифохонага олиб кетиш учун келган "Тез ёрдам" автомобили пачақланган, ҳокимнинг хизмат машинасига ўт қўйилган.

Муваққат ҳукуматнинг Мудофаа вазири Исмоил Исаков ҳам 7000 ча кишидан иборат намойишчилар олдида чиқиш қилишга уринган, аммо унга ҳам тошлар отилган.

Мухбиримизга кўра, мамлакат жанубида қирғизлар ва ўзбекларнинг бир-бирларини зўравонликларда айблашлари ортидан ташвишли вазият юзага келган.

Муваққат ҳукумат президентлик муддатини эълон қилди

Қирғизистонда президентлик сайлови 2011 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтади, дея эълон қилган мамлакат муваққат ҳукумати.

Муваққат ҳукумат ушбу қарорни президентлик сайловини бу йил ўтказмаслигини билдириши ортидан олган.

"Сайловлар 2011 йилнинг октябрида бўлиб ўтиши керак. 2012 йилнинг январида эса, ҳукуматнинг тинч йўл билан топшириш маросими бўлиб ўтади," деб айтган Қирғизистон муваққат ҳукумати бошлиғининг муовини Омурбек Текебаев журналистлар билан учрашуви чоғида.

Кеча мамлакат жанубидаги Жалолобод шаҳрида этник зўравонликлар бошланиши ортидан, муваққат ҳукумат шаҳарда 1 июнга қадар фавқулодда ҳолат жорий этганди.

Муваққат ҳукумат, шунингдек, Роза Отунбаевани муваққат ҳукумат президенти этиб тайинлаганини билдирди.

"Муваққат президент Роза Отунбаева сайловларда президентликка ўз номзодини қўйишга ҳақли эмас," дея илова қилди Омурбек Текебаев.

Жалолобод шаҳрида эса ўтган тун нисбатан осойишта ўтган.

Пойтахт Бишкекдан Жалолободга фавқулодда ҳолатни назорат этиш учун икки ҳарбий учоқда қўшимча кучлар жойлаштирилган.

Шаҳар ҳокими Мақсадбек Жэнбеков тун бўйи фавқулодда ҳолат тартибини бузган 18 шахс ҳибсга олингани ва тонгда яна озод этилганини маълум қилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эълон қилишича, чоршанба куни мамлакат жанубида юз берган зўравонликларда икки одам ҳалок бўлган ва 72 одам яраланган.

Зўравонликлар чоршанба куни эрталаб икки мингга яқин ғазабланган намойишчилар шаҳар маркази томон юриш қилиб, амалдаги вилоят губернатори Бектур Асанов истеъфоси ва ўзбек маданият марказининг раҳбари Қодиржон Ботировни жавобгарлкка тортишни талаб қилишлари ортидан бошланган эди.

Намойишчиларнинг бир гуруҳи вилоят давлат маъмурияти, иккинчи гуруҳи эса Олимжон Ботиров номидаги маҳаллий университетга йўл олди.

Олимжон Ботиров шахсий университетига ўзбек маданий марказининг бошлиғи, таниқли тадбиркор Қодиржон Ботиров асос солган.

Намойишчилар Қодиржон Ботиров тарафдорларини ўтган ҳафта ағдарилган президент Қурманбек Бакиевнинг Жалолобод яқинидаги Тейит қишлоғида жойлашган уйини ёқиб юборишда айблашган.

Улар агар Қодиржон Ботиров ағдарилган президент уйини қайта тиклаб бермаса, унинг "мулкига тажовуз" қилишларини айтганлар.

Университет биноси милиция ходимлари томонидан ўраб олинган.

Намойишчилар университет биносига тош ота бошлашган.

Ҳодиса жойида тасвирга туширилган видеолавҳани томоша қилинг

Ички ишлар ходимлари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўт очган.

Жалолободда бўлган Би-би-си мухбирининг маълум қилишича, айни намойишчилар пайшанба куни эрталаб яна шаҳар марказига тўплана бошлаган.

Шаҳар ҳокими уларнинг сони бир-бир ярим минг атрофида эканини айтган.

Шоҳидларга кўра, уларнинг сони уч мингга яқин.

Намойишчилар айни талабларни такрорлашган.

Улар билан Мудофаа вазири генерал Исоқов музокара олиб боришга уринган, бироқ кузатувчиларга кўра, асосан ёшлардан иборат намойишчиларни назорат қилишнинг имкони бўлмаётир.

Қирғизистон муваққат президенти Роза Отунбаевага кўра, чоршанба куни Жалолободдаги ҳодисалар ағдарилган президент Қурманбек Бакиевга хайрихоҳ бўлган кучлар томонидан ташкиллаштирилган.

Би-би-си мухбири Жалолободдаги марказий бозор қисман очиқ экани, бироқ савдо деярли йўқлигини маълум қилган.

Маҳаллий савдогарлардан бири ҳукуматни тинчликни ўрнатиш учун "дадил чоралар"ни кўрмаётганликда айблаган.

Алоқа учун SMS рақамимиз: +447786201124

Бу мавзуда батафсилроқ