Қозоғистон Қирғизистон билан чегарасини очишга қарор қилди

чегара
Image caption Қозоғистон чегарани очишга қарор қилди, аммо ўзбек-қирғиз чегараси ёпиқлигича қолмоқда

Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини очмоқда. Бу ҳақда кеча президент Назарбоевнинг ўзи кўрсатма берган.

Қирғизистонда бошланган ғалаёнлар ортидан расмий Остона чегараларни бир томонлама ёпиб қўйишга мажбур бўлганди ва Қирғизистон вақтли ҳукуматининг мурожаатларига қарамай шу вақтгача чегаралар ёпиқлигича қолаётганди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда шундай дейилади: "Афсуски, Қирғизистондаги аҳвол тўлалигича меъёрига тушиб барқарорлашгани йўқ. Қозоғистон ҳудудига ноқонуний равишда қурол яроқ, гиёҳванд моддалари ва бошқа тақиқланган нарсалар кириб келаётгани ҳақида далилларимиз бор".

"Аммо Қирғизистондаги мураккаб ижтимоий иқтисодий аҳволни ҳисобга олган ҳолда ва қўшни давлат фуқароларининг кўплаб мурожаатларини инобатга олган ҳолда, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 20 майдан бошлаб қозоқ-қирғиз давлат чегараларидаги вақтинчалик чекловларни олиб ташлашга кўрсатма берди," дейилади Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Қозоғистон расмийларининг айтишича, қўшни давлатдаги нотинчлик ва беқарорлик Қозоғистон хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган ва ҳукумат чегараларни бир томонлама ёпишга мажбур бўлган.

Шундай бўлса-да, бу вақт мобайнида чегарадан инсонпарварлик кўмаклари, халқаро юк ва бошқа давлат фуқароларининг ўтиши чегараланмаганлиги айтилади.

Бунгача Қирғизистон вақтинчалик ҳукумати Қозоғистонга чегараларни очишни сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган, ҳаттоки май ойининг бошида Бишкек ва Остонага келган АҚШ президенти Барак Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Макфол чегараларни очиш борасида Қозоғистон расмийлари билан музокаралар олиб борганди.

Бироқ Қозоғистон ҳукумати қўшни давлатдаги нотинчликни сабаб қилиб чегараларни очмай келаётганди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари: "Чегараларнинг ёпилганидан қирғизлар билан бирга биз ҳам бирдек иқтисодий зарар кўраяпмиз, аммо вазият шуни тақозо қилаяпти," дейишганди.

Бу нарса қирғизистонликларнинг норозилигига сабаб бўлиб, Бишкекдаги Қозоғистон элчихонасида намойишлар ўтказилганди.

Чегаларнинг ёпиб қўйилиши оқибатида, истеъмол учун зарур бўлган ун ва нефт маҳсулотларининг Қирғизистонга кириб келиши қийинлашди. Расмий Остона юклар учун чегарани очиб қўйганини таъкидлаган эса-да, ушбу маҳсулотларнинг танқислиги натижасида Қирғизистонда нарх наволар кўтарилди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати контрабандага нисбатан белгиланган жазо чораларини бекор қилиш орқали ушбу маҳсулотларнинг ёпиқ чегаралар оша мамлакатга кириб келишини таъминлашга қарор қилди.

Қирғизистон вақтинчалик ҳукуматининг раҳбарлари, агар ноқонуний товарлар олиб киришга белгиланган жазолар олиб ташланса, мамлакатга зарур маҳсулотлар тўғридан тўғри кириб келади ва оқибатда бозорлардаги барқарорлик сақланиб қолади дея ушбу ишга қўл уришганини маълум қилишди.

Қозоғистоннинг чегараларни очиши Қирғизистон жанубида нотинчликлар бўлиб турган бир маҳалга тўғри келмоқда. Расмий Остона чегаралар очилгани билан кучайтирилган назорат сақланиб қолишини билдирмоқда.

SMS рақамимиз: +447786201124