Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги:'Жалол-Ободда вазият барқарорлашаётир'

Жалол-Обод
Image caption Жалол-Обод шаҳрида вазият нисбатан барқарорлашган

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Жалол-Обод шаҳри ҳамда қўшни Сузоқ туманида жума куни вазият нисбатан барқарор ва назорат остида.

Ўтган тунда жамоатчилик тартиби ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ишларига 300 нафар милиция ва ҳарбий жалб қилинган. Тун бўйи тартибсизлик ёки талон-тарож ҳоллари қайд этилмаган.

Икки кун муқаддам Жалол-Обод шаҳри ва Сузоқ туманида фавқулодда ҳолат ҳамда комендантлик соати жорий этилган эди.

"Қўшни шаҳар ва туманларда милиция билан ҳамкорликда кўнгилли посбонлар гуруҳлари фаолият кўрсатаётир", дейилади расмий ахборотда.

Ўтган тун вилоят касалхонасида тартибсизликлар пайтида жароҳат олган яна бир одам вафот этган. Шундай қилиб, икки кун муқаддам юз берган тўқнашувлар оқибатида жон таслим қилганлар сони уч нафарга етган. Яна бир ярадорнинг аҳволи оғирлигича қолаётгани айтилади.

Жалол-Обод вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Бектур Асанов шаҳарда митинглар бошқа режалаштирилмаганини маълум қилган.

Image caption Тартибсизликларда уч киши нобуд бўлди...

Жума куни Муваққат ҳукумат вакили, Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Генерал Исмоил Исоқов ҳамда Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи, айни пайтда вилоят коменданти Бактыбек Алимбеков яна бир бор маҳаллий оқсоқоллар ва жамоатчилик арбоблари билан учрашган.

Мулоқотлардан бири маҳаллий давлат университетида ўтган. Учрашувларда қатор долзарб масалалар муҳокама қилинган. Мулозимлар ахборотича, жума кундан эътиборан Жалол-Обод шаҳар бозорлари, дўконлари, ишхоналар, болалар муассасалари тўлақонли фаолият кўрсатаётир.

Маҳаллий кузатувчилар эса, савдо ва маиший хизмат ҳозирча ўз изига тушмаганини хабар қилган. Ноҳукумат ташкилотлар аҳоли орасида ҳадик-хавотир сақланиб қолаётганини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ