Россияда яна бир тожикистонлик меҳнат муҳожири ўлдирилди

Москва
Image caption 'Тожикистонлик муҳожир Москва шимолида одамлар кўз ўнгида калтаклаб ўлдирилган'.

Россия мулозимларига кўра, жума куни Москва шимолида яна бир тожикистонлик фаррош калтаклаб ўлдирилган.

Москва милиция бўлимининг юқори мартабали мулозими Андрей Степановга кўра, тожикистонлик йигит кундуз куни одамлар кўз ўнгида ўлдирилган, лекин бирор инсон йигитни миллатчилардан қутқаришга уринмаган.

Россиянинг "5 телеканали" билан бўлган суҳбатда гапирган Степанов жаноблари ҳодисадан ўта афсусда эканини айтган.

Ирқчилик ҳужумлари ортмоқда

Маълумотларга кўра, Россияда яна ирқчилик асосидаги жиноятлар кучайган. Россия Бош прокуратураси яқинда ўтказган тадқиқотлар натижасида мамлакатда радикал миллатчи гуруҳлар сони борган сари кўпаяётгани маълум бўлган.

Айни вақтда Россия Бош прокуратураси мамлакатда неонацистлар сафи кенгаётганидан ташвиш билдирган.

Прокуратура маълумотига кўра Россияда неонацист гуруҳи аъзолари камида 3 минг кишини ташкил этади. Миллатчи ташкилотларнинг асосий марказлари Москва, Санкт-Петербург, Нижегородск, Свердловск ва Москва вилоятларида жойлашгани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда миллий нафрат асосидаги жиноятлар тўрт бараварга кўпайган. 2009 йилда Россия бўйлаб 500дан ортиқ ирқчилик асосидаги жиноятлар қайд этилган.

Ирқчилик муаммосини ўрганувчи нодавлат ташкилотларга биноан Россияда охирги 5 ойда миллатчи гуруҳлар ҳужумидан камида 17 инсон ҳалок бўлган ва яна 120дан ортиқ фуқаро жароҳатланган.

Шу кунларда Москвада фуқароларни ўлдириш ва ҳужум уюштирганликда гумон этилган миллатчи гуруҳга аъзо 2 шахс ҳибсга олинган.

Милиция мулозимларига кўра, ушланганлар камида 9та миллий низо асосдаги жиноятни содир этишганига иқрор бўлишган.

Image caption Россияда радикал миллатчи гуруҳлар сони борган сари кўпаяётгани айтилади

Россия темир йул транспорти милиция расмийларига кўра, қўлга олинган икки москвалик йигит 2 ҳафта олдин Тожикистон фуқаросини пичоқлаб ўлдиришганини тан олишган.

Муаммога ечим нимада?

Айни вақтда ҳокимият расмийлари миллатчи гуруҳларга қарши кескин чора кўрилаётганини урғулайдилар. Ўз навбатда Москвадаги "Сова" тадқиқот маркази раҳбари муовини Галина Кожевникованинг фикрича, миллатчи гуруҳларга нисбатан фақат кескин чора кўриш билан ирқчилик муаммосини ечиб бўлмайди.

"Россияда неонацистларни қанчалик кўп ушлаб қамашмасин, барибир уларнинг сафи кенгаяверади. Чунки, улғаяётган ёшлар миллатчилар сафига кўшилаверади. Ирқчилик муаммосини фақат неофашистларни қамаш билан ҳал этиб бўлмайди. Россия ҳокимияти жамиятдаги ирқчилик кайфиятини бартараф этиш йўлида қаттиқ тиришиши лозим. Жамиятда бағрикенглик, ўзга дин ва миллат эгаларига ҳурмат билан муносабат тилда эмас, амалда тарғиб этилиши керак", дейди Галина Кожевникова.

Москвалик сиёсий фанлар доктори Алексей Бинецкийнинг фикрича эса, жамиятдаги адолатсизлик миллатчи йўналишдаги гуруҳлар сафи кенгаяётганига сабаб бўлмоқда.

"Афсуски, Россия ёшларининг аксариятида бирор мақсад ёки интилиш йўқ. Уларни кўпчилиги қонун нимани англатишини ҳам билишмайди. Ёшларнинг бундай йўлдан боришларига яна жамиятдаги иқтисодий ва ижтимоий тенгсизлик ҳам сабабчи деб ўйлайман", дейди сиёсий фанлар доктори Алексей Бинецкий.

Бу мавзуда батафсилроқ