'Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонга кўмак кўрсатишга тайёр'

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар расмийлари учрашувларидан бири
Image caption Шанхай ташкилоти Қирғизистон халқига бирдамлик изҳор этган

Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонга кўмак кўрсатишга тайёр.

Ташкилотга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган мажлиси якунида бу ҳақда эълон қилинган.

Қандай кўмак кўрсатилиши мумкинлиги эса июн ойида Тошкентда йиғиладиган Шанхай ташкилоти раҳбарлари саммитида кўриб чиқилиши мумкин.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирларининг Тошкентдаги мажлиси якунида баёнот қабул қилинган, бу баёнотда, Шанхай ташкилотига аъзо давлатларнинг Қирғизистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқ эканлари урғуланган.

Вазирлар учрашувидан кейин ташкилот баёнотини Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиб турган Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Владимир Норов ўқиб эшиттирган.

"Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ҳудудидаги хавфсизлик ва барқарорлик ҳар бир аъзо давлат, шу жумладан Қирғизистон Республикасидаги хавфсизлик ва барқарорликка бевосита боғлиқ. ШҲТга аъзо давлатлар Қирғизистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини эътироф этган ҳолда унга зарур қўллаб-қувватлов ва кўмак кўрсатишга тайёр", дейилади Шанхай ташкилоти баёнотида.

Тошкентдаги йиғилишда Шанхай ташкилотининг ҳозирги оғир вазиятда Қирғизистон халқи билан бирдамлиги изҳор этилган.

Ташқи ишлар вазирлари шу йил июнида Тошкентда йиғиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг учрашувига тайёргарлик масалаларини муҳокама этганлари хабар қилинган.

Шанхай саммити 11-12-июн кунларига режалаштирилган.

Шунингдек, 22 май куни Россия Президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга сим қоққани ва икки давлат раҳбарлари Қирғизистондаги вазият ҳақида сўзлашганларини хабар қилган Кремл матбуот хизмати.

BBC бўйлаб