"Чегара билмас мухбирлар" Туркманистонлик журналистларнинг озод этилишини талаб қилмоқдалар

Image caption "Чегара билмас мухбирлар"га кўра, президент Бердимуҳаммадов раҳбарлиги остида Туркманистон ҳануз "ҳеч қандай фундаментал озодликлар қабул қилинмайдиган, зич ёпилган қалъа" бўлиб қолмоқда

Франсанинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус элчиси Туркманистонга уч кунлик сафарини бошлар экан, "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти мамлакатдаги матбуот эркинлиги юзасидан хавотирларини изҳор этиб, ҳибсдаги журналистларнинг озод этилишини талаб қилди.

Ташкилотга кўра, элчи Франсуа Зимерайнинг сафари уч йил аввал Туркманистонда янги президент сайланган вақти халқаро ҳамжамиятда пайдо бўлган ижобий ўзгаришлар умидларини амалга тадбиқ этиш имконини яратади.

"Туркманистон ҳеч қандай фундаментал озодликларни қабул қилмайдиган зич ёпилган қалъа сифатида қолмоқда", дейилади "Чегара билмас мухбирлар" томонидан чиқарилган баёнотномада.

Баёнотда 19 май куни "Озодлик" радиоси мухбири Олломурод Рахимовнинг визаси бўлишига қарамай мамлакатга киртилмаганлиги айтилади.

Давом этаётган тазйиқлар туфайли мустақил журналистлар ўз ватандошларига хабарлар етказиш йўлида махфиёна фаолият олиб боришга мажбурлар ва улар мунтазам равишда сўроққа тутиладилар, ишдан бўшатиладилар ва ҳатто уларнинг яқинлари тазйиқларга юз тутадилар, дейилади баёнотда.

"Чегара билмас мухбирлар" Туркманистон расмийларини очиқ диалог бошлашга даъват қилиш билан бирга президент Бердимуҳаммадов томонидан ҳар йили эълон қилинадиган авф рўйхатига хибс остидаги журналистларни ҳам киртилишини сўраган.

Бу ўринда франсалик журналистга Туркманистон борасида лавҳа тайёрлашга ёрдам берганликлари учун 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Аннақурбон Омонқиличев ва Сапардурди Хожиевлар исмлари келтирилган.

Шунингдек, 2006 йил ҳибсга олиниб, тез орада ҳибсхонада оламдан кўз юмган журналист Огулсапар Муродованинг ўлими юзаисдан муфассал текширув ўтказилишига даъват янграган.

SMS рақамимиз: +447786201124