Чақмоқ Тожикистонда бир ўқувчи қизнинг умрига зомин бўлди

Тожикистон
Image caption Сўнгги табиий офат яна бир инсоннинг - бу гал ёшгина қизнинг умрига зомин бўлган

Шимолий Тожикистонда чақмоқ уриши натижасида ёшгина қиз ҳаётдан кўз юмган.

Масъулларнинг айтишларича, ҳалокат юз берган пайтда 16 ёшли мактаб ўқувчиси Маҳина Абдураҳмонова пахта майдонида ишлаётган бўлган.

Ҳодиса Бобожон Ғафуров туманининг Овчиқалъача қишлоғида юз берган.

Бу - Шимолий Тожикистонда чақмоқ уриши оқибатида юз берган биринчи инсоний талофат эмас.

Расмий маълумотларга кўра, бундан аввалги ҳолатлар ҳам далада меҳнат қилаётган инсонлар орасида кузатилган.

Хўжанд вилоятида юз берган қаттиқ шамол, дўлу шаррос ёмғир йўл, бино ва электр тармоқларига зиён етказган. Ўнлаб уйлар нураб қолган.

Кучли эсган шамол ўнлаб дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлаган, шохларини синдирган.

Йиқилган дарахтлар ёмғир суви тўлиб-тошиб оқаётган ариқларни тўсиб қўйган.

Натижада сув йўлларга чиқиб кетиб, нақлиёт ҳаракати ҳам тўхтаб қолган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва аҳоли мудофааси вазирлигининг Суғд вилояти бўлимидан билдиришларича, шаррос ёмғир ва дўл экинзору боғларга ҳам зарар етказган.

Қаттиқ ёмғир натижасида ишдан чиққан ўнлаб машиналар аро йўлда қолиб кетишган.

Вазирлик мулозимларининг айтишларича, ҳозирда табиий офат келтирган зарарни ўрганишмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўзида Тожикистонда кузатилган табиий офатлар натижасида юзга яқин инсон қурбон бўлган ёки бедарак кетган.