Россияликларнинг жини кимни суядию кимни суймайди?

Россия бозори
Image caption Қафқоз ва марказий осиёликлар яна россияликлар энг хуш кўрмайдиган халқлар бўлиб чиқишган

Бутунроссия омма фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларидан аён бўлишича, россияликлар энг кўп қафқозлик ва марказий осиёликларни ёқтиришмайди.

Дейлик, сўров иштирокчиларининг қарийб учдан бир қисми қафқозликларни ёмон кўришларини айтишган.

Марказий осиёликлар эса, россияликларнинг жини суймайдиган иккинчи халқ бўлиб чиқишган.

Ҳар икки иштирокчидан бири эса, у ёки бу халқни нима учун ёмон кўришлари сабабини тушунтириб бера олишмаган.

Қолганларининг аксариятига кўра, ўзларининг бирор бир халққа нисбатан салбий муносабатларига террорчилик таҳдиди ёки уларнинг Россиядаги урф-одатлар билан ҳисоблашмасликлари сабаб бўлган.

Сўралганларнинг 6 фоизга яқини ўзларига муҳожирларнинг ташқи қиёфаси, маданиятларининг пастлиги ва муайян бизнес соҳаларини назорат этишлари ёқмаслигини билдиришган.

Россия аҳолисининг бирор бир халқ вакилини ёқтирмаслигида муҳожирлар уларнинг иш ўринларини олиб қўяётганликлари фактори деярли роль ўйнамаган.

Лекин ҳамма халқ ва миллатни бирдек хуш кўрувчиларнинг сони сўров қатнашчиларининг ярмидан кўпроғини ташкил этган.

Сўров Россиянинг 42 вилоятида икки мингга яқин киши орасида ўтказилган.

Россияликлар кимни суйишади?

Сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, россияликлар энг кўп русларни ёқтиришаркан. Бундайлар қарийб 36 фоизни ташкил этишган.

Руспарастлик ўтган йил билан солиштирганда Россияда қарийб 10 фоизга ортган.

Бундан кейин россияликлар севган халқ беларус ва украиналиклар бўлиб чиқишган.

Россияликларнинг яна Оврўпо ва бошқа славян халқларига ҳам илиқ муносабатда эканликлари маълум бўлган.

Бундайларнинг сони яна бир йилнинг ичида 5 фоизга ҳам ортибди.

Халқлар орасида бирор бир фарқ кўрмайдиган инсонларнинг сони эса, 12 фоизга камайган. Ўтган йили бу каби қарашда бўлганларнинг сони 20 фоизни ташкил этган.

SMS рақамимиз: +447786201124