Ўзбек-Қирғиз расмийлари Сўх атрофидаги муаммоларни ҳал этиш чораларини келишганлар

Водил қишлоғида учрашган Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари Сўх анклавида юзага келган можарони бартараф этиш чоралари бўйича келишиб олганлар.

Расмий мулозимлар учрашувида етти банддан иборат қарор қабул қилинган.

Ўзаро келишувга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегараларини хатлаш жараёни имкон қадар тезлаштирилади.

Учинчи томонларнинг, жумладан, маҳаллий бошқарув тизимлари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳарбийлар ҳамда чегара хавфсизлиги масалаларига нисбатан иғвогорона ҳаракатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Томонларнинг чегарани қўриқлаш хизматлари икки ой мобайнида чегаранинг айрим участкаларида муваққат тўсиқ иншоотларини барпо этиш масалаларини кўриб чиқадилар.

Қарийб йигирмата жойдаги вақтинчалик назорат постлари олиб ташланади.

Сув заҳиралари ва яйловлардан фойдаланишда зиддиятли вазиятлар юзага келишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши лозимлиги урғуланган.

Ўзбекистон томони Сўх анклавидан оғир бронетехникани олиб чиқишини билдирган.

Оғир бронетехника Ўзбекистон анклавига 1999-2000 йиллардаги Боткен воқеалари пайтида киритилган эди.

Сўхда қирқдан зиёд оғир техника мавжудлиги хабар қилинган, маҳаллий аҳоли Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийларининг учрашувидан кейин оғир зирҳли техника воситаларининг ҳаракатланаётганини кўришганини айтишган.

Қирғиз расмийлари Водилдаги учрашувни ўзлари учун "натижали бўлди", дея таърифлаганлар.

Ўзбекистоннинг Сўх анклави атрофида можаро 26 май куни Сўхнинг Ҳушёр қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткент вилояти тасарруфидаги Сўғмент қишлоғи аҳли ўртасида тўқнашувлар юзага келиши ортидан бошланган эди.

Қирғиз томонининг фаразича, Ҳушёр қишлоғи яшовчилари Сўхдан ўтиб бораётган икки, айрим хабарларга кўра эса, тўрт автоуловдаги Қирғизистон фуқароларини тўхтатиб дўппослаганлар.

Қирғиз расмийларининг айтишларича, сўнгги беш кун мобайнида Ўзбекистоннинг Сўх анклавидан ўтаётган қирғизистонликларнинг 10 та хусусий улови шикастланган.

Қирғизистон телевидениесининг Боткен маъмурияти мулозимидан иқтибос келтиришча, охирги 3-4 кун ичида Боткен расмийлари ва маҳаллий аҳоли етакчилари Ўзбекистон қишлоғи аҳли билан музокаралар олиб борган, аммо музокаралар натижа бермаган.

Ҳушёрликларнинг боткенликларнинг қўшни мамлакат фуқароларига Қирғизистон ўтлоқларидан фойдаланишни ман этишидан ғазабга келгани айтилади.

Қирғиз томони ушбу қарор расмий Тошкент Бишкек билан яйловларни ижарага олиш борасида тегишли битим имзоламагани боис қабул қилинганини айтган.

Боткен ва Сўх чегарасида юз берган тартибсизликлар ортидан Ўзбекистон Сўх анклавига десант кучларини киритганлиги хабар қилинган.

Боткен вилоят маъмурияти эса Ўзбекистоннинг Сўх анклавида милициянинг кучайтирилган тартибга ўтказилганини маълум қилган.

Водил қишлоғидаги учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари раҳбарлари, Боткен ва Фарғона вилояти губернатори ва ҳокими, ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармалари бошлиқлари қатнашганлар.

SMS рақамимиз: +447786201124

Бу мавзуда батафсилроқ