Энергия заҳиралари ва Россиянинг қўшнилари билан муносабати

Тенгиз-Новороссийск нефт қувури ёнида турган нефтчи("КазМунайГаз" ширкати сурати)
Image caption Россия Қозоғистон оладиган нефтини Қора денгиздан экспортга чиқаради

Бир йил илгари Кремл кескин руҳдаги баёнот билан чиқди: глобал энергетика ресурслари назорати учун ўсиб бораётган рақобат Россия чегаралари, хусусан, Марказий Осиё ва Каспий денгизи атрофида урушларга туртки бериши мумкин.

"Бу муаммони ҳал этишга ҳарбий кучлар жалб этилишини истисно этмайди, бу эса Россия Федерацияси ва иттифоқдошлари чегарасига яқин кучларнинг мувозанатини издан чиқаради", дейилади Кремлнинг яқин ўн йилликка бағишланган стратегик ҳужжатида.

20 йил илгари энергия заҳираларига бой Қозоғистон ҳамда Туркманистонни ўз ичига олган Марказий Осиё, Жанубий Қафқоздаги Озарбайжон Шўролар Иттифоқининг таркибий қисмлари эди. Бу мамлакатларнинг нефт ва газ ресурслари Москванинг бойлиги ҳисобланарди.

Аммо бугунга келиб ҳаммаси ўзгарган.

Хитойнинг ўсиши

Марказий Осиё давлатлари мустақил мамлакат сифатида дунёнинг кучли мамлакатлари билан мулоқотда ўзларининг энергетика заҳираларидан "устомонлик билан" фойдаланиш ўзлари учун стратегик қудрат бўлиб хизмат қилишини яхши англаб етганлар.

Бундай шароитда эса бир пайтлар "қудрат эгаси" бўлган Москванинг йирик ўйинчилар - Хитой, Қўшма Штатлар ва Оврўпо билан қаттиқ рақобатга киришишига тўғри келмоқда.

"Россиянинг Марказий Осиёдаги мутлақ мавқеи торайиб бораётир", дейди "RusEnergy" ҳафтаномаси бош муҳаррири Михаил Крутихин.

"Россия чекинаяпти, хитойликлар эса қулай имкониятдан фойдаланиб қолаяптилар", дейди у.

Янги "Буюк Ўйин"ми?

Минтақадаги ҳозирги рақобатни XIX-асрда "Буюк Ўйин" номи билан танилган Британия билан Россия ўртасидаги империялар рақобатига қиёслашади.

Охирги бир неча йилда Марказий Осиёда янги энергетика "Катта Ўйини" кўзга ташланди - шимолга ёки Россия ғарбига қаратилган эмас, Хитойга узанган илк нефт ва газ қувурлари лойиҳалари бошланди.

Ҳозир Қозоғистоннинг ғарбий чегарасидан ҳар куни 200 минг баррел нефт Хитойдаги Шинжон Уйғур мухтор бўлгаси ҳудуди томонга оқмоқда.

Ушбу қувур сиғимини икки баробар ошириш режалари ҳам бор.

Ўтган йил декабрида Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари орқали Хитойга борадиган газ қувури Хитой Президенти Ху Жинтао томонидан очилди.

Ушбу қувурда лойиҳа қувватига эришилса, бу 2013 йилга мўлжалланган, Хитойнинг ҳозирги газга бўлган эҳтиёжининг ярмини қондира олади.

Туркманистоннинг Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу келишувни ҳам "сиёсий" ва ҳам тижорий келишув деб атади ҳамда Хитойнинг "доно сиёсати"га юқори баҳо берди.

Жаноб Бердимуҳамедов сўзларига кўра, бу нарса "глобал хавфсизликнинг асосий кафолати"дир.

Туркманистон билан таранглик

Туркманистон жаҳондаги жами табиий газ заҳираларининг тўртдан бир қисмига эгалик қилади, у Россиянинг ташқарига сотадиган газининг асосий таъминотчиларидан бўлиб келган.

Бироқ бу таъминотчи билан Россия ўртасидаги шартнома бузилиши юз берди.

Хитой билан унинг марказий осиёлик энергетика шериклари бир-бирлари билан "қучоқ очиб кўришаётган" бир пайтида Россия ўзини эшик остонасидан қувилган мижоз ўрнида кўрди.

Икки йил илгари Туркман газига икки баробар кўп ҳақ тўлашга келишиб, ўзининг эски таъминотчиси содиқлигига эришишни кўзлаган Россия ўн икки ой олдин газ қувурини ёпиб қўйди.

Бу эса газ қувурида портлашга сабаб бўлди.

Таҳлилчиларнинг ишонишича, иқтисодий инқироз пайтида газга бўлган талаб пасайиб кетгани туфайли Москва "бу газга муҳтож эмасмиз", деган қарорга келган.

Image caption Туркман-Хитой газ қувурининг очилиш маросимида Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой президентлари қатнашдилар

Сотиб олмоқчи бўлган газининг учдан бир қисмини олиш билан Россия Туркман ҳукуматини ғазаблантирди ва Туркманистоннинг Хитойга юз буришига сабаб бўлди.

"Россиянинг минтақадаги ролига келсак, у энергияга қайтиш қадамларини қўйди", дейди Москвадаги "Уралсиббанк"нинг етакчи стратеги Крис Вифер.

Крис Вифернинг ишонишича, фақат глобал иқтисодий инқироз Россияни бу қадамга ундамаган.

Оврўполикларнинг "Набукко" лойиҳаси учун Марказий Осиё газига баландроқ ҳақ таклиф этаётганлари ҳам Россияни минтақага кўпроқ эътибор қаратишига сабабчи бўлган.

"Набукко" туфайли ўйин ўзгарди. 2006 йилгача Россия Туркманистондан, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ҳар минг кубометрига 50 доллардан газни сотиб олиб, Оврўпога 250 доллардан сота оларди. Лекин 2008 йилдан Россия 1000 кубометр газ учун Оврўпо нархини - 300 доллардан тўлашга рози бўлди", дейди Крис Вефер.

"Бундай шароитда "Газпром" даромад қила олмади. Сиёсий истаги сусаяр экан, Россия хитойликларнинг Марказий Осиёга киришига рухсат берди", дейди "Уралсиббанк" таҳлилчиси.

Бундан Россия афсусланиши ҳам мумкин, чунки у Хитойнинг ҳам асосий нефт ва газ таъминотчиси бўлиб қолишни хоҳлайди.

Хитой Марказий Осиёнинг икки асосий мамлакати Туркманистон билан Қозоғистонга йирик сармоялар киритаётган бир пайтда Россиянинг бунга қурби етмаяпти.

Хитой кучини кўрсатаяпти

Москва Пекин билан 2002 йилда Хитой томон газ қувурини барпо этиш бўйича келишувга эришган, бироқ икки томон ҳалигача газ нархи бўйича бир қарорга келишолгани йўқ.

Таҳлилчиларнинг айтишича, агар бу газ қувури фақат Хитойнинг ўзига мўлжалланган қувур бўлсагина, Пекин бу лойиҳага рози бўлиши мумкин.

Расмийлар икки мамлакат ўртасидаги нефт қувури қурилиши ҳам 2010 йил охирига бориб ниҳоясига етказилишига умид қилишади.

Аммо айрим таҳлилчилар Россия янги газ қувури учун етарли заҳирага эгами, деган саволни ҳам ўртага қўядилар.

Чунки газ ишлаб чиқариш охирги 20 йилда тобора камайиб бормоқда ҳамда 1991 йилда Шўролар Иттифоқи қулаганидан буён янги газ конларини очишга жиддий сармоя ётқизилмаган.

"Уни(Хитойга йўналган газ қувури) Оврўпога оқаётган газ заҳираларидан олишга тўғри келади", дейди Михаил Крутихин.

"У иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди, аммо Бош вазир Владимир Путин бу қувурни барпо этишни истайди", дейди у.

Жанубий оқим

Жаноб Путин барпо этилишини қаттиқ истаётган яна бир лойиҳа бу Россиянинг Қора денгиз оша Оврўпо Иттифоқининг марказига борадиган "Жанубий оқим" газ қувури лойиҳасидир.

"Жанубий оқим"нинг рақиби бўлган лойиҳа - "Набукко" кўпроқ Каспий денгизи минтақасига боғланган.

Россияга тобора ортиб бораётган қарамлигидан воз кечишни хоҳлаётган оврўполиклар"Набукко" газ қувури таъминоти Каспий атрофидан бўлишига интилмоқдалар.

Россияликлар эса бунга халақит беришни истайдилар.

Бу ўринда кўп нарса Озарбайжонга боғлиқ бўлиб қолган, ҳали Озарбайжон "Набукко"ни газ билан таъминлашга розилиги ҳақида эълон қилиши керак.

Озарбайжоннинг қарори жуда муҳим.